БАҒРИКЕНГЛИК

Глабаллашув кучайиб бораётган ҳозирги даврда динлар, айниқса, ислом динидаги бағрикенглик тамойилларини ёритиш ва ёшлар онгига сингдириш муҳим вазифа ҳисобланади. Бинобарин, “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да таъкидланганидек: “Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”. Шу маънода айтганда, диний бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ҳамда ҳамжиҳат бўлиб яшашини, толериантлик эса чидамлилик, сабр-тоқатлилик, бардошлилик, келишувчанлик, қайишқоқлик, очиқ кўнгиллик, кенгфеъллик, шу билан бирга “бирлик – хилма-хилликда” принципининг кенг миқёсда амалга ­ошишини англатади.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистонга уруш ўчоқларидан ота-онасидан етим қолган болалар вагонлаб олиб келинди. Аслида Ўзбекистондаги ахвол ҳам уруш сабаб жуда оғир бўлишига қарамасдан  болажон ўзбек халқи бу етимларни қучоқ очиб кутиб олди ва энг охирги бурда нонини бирга баҳам кўрди. Болалар ўзбек оилаларида тарбияланиб улғайди ва ўқиб жамиятда турли касб-ҳунар эгаларига айланди.

Ўзбекистонга олиб келинган етим болалар ичида турли хил миллат  ва ҳатто немис болалари ҳам бор эди. Бағрикенг ўзбек халқи бу болаларга ўзини боласидек меҳр кўрсатди. Шу сабабдан бўлса керак бу болалар ўзбек халқига ва Ўзбекистонга садоқат билан хизмат қилишди.

Ҳозир ҳам юртимизда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари ва 16 хил диний конфессияга мансуб халқлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг фарзандлари бир мактабда ўқимоқда ва бир ишхонада аҳил-иноқ меҳнат қилмоқда.

Ўзбек халқининг бундай бағрикенглиги ва шу каби инсоний фазилатлари муқаддас динимизнинг маънавий булоқларидан суғорилган бўлса, хуқуқий пойдевори эса қонунларимиз билан кафолатлангандир. Бунинг исботи ўлароқ муҳтарам Юртбошимиз топшириқлари билан Яқин Шарқ ҳудудига адашиб кетиб қолган ватандошларимиз, асосан аёллар ва болалардан иборат қисми махсус “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик операцияси орқали ватанимизга қайтарилиб, моддий, маънавий ҳамда тиббий кўмаклар берилди.

 

Ибодулло ЯНДАШЕВ,
Чуст тумани “Тоймас” жоме масжиди имом-хатиби