Боқий қадриятлар кўзгуси

Меҳр бор жойда тотувлик бўлади, халқлар аҳил яшайди. Эл осойишталигини эса ҳеч қандай бойлик билан тенглаштириб бўлмайди. Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ахил ва бахтли яшашмоқда.

         Мен жойлардаги суҳбатлар давомида ўз халқининг қон-қонига сингиб кетган меҳр-оқибат туйғулари, одамийлик ҳисси, инсон қадрининг юксаклиги бир тупроқнинг тузини тотаётган турли миллат вакилларини бирлаштираётган куч эканига жуда кўп марта гувоҳ бўлганман. Жуда кўп бошқа миллат вакилларидан Ватани ҳақида сўраганингизда, улар фахр билан “Ўзбекистонликман!” деб жавоб бериши эса онаизорнинг фарзандларига айро-айро меҳр бермагани каби саховатпеша ўзбек диёрининг барча инсонларга бир бутун муҳаббат кўрсатаётганинг ҳаётий исботидир.

         Айни кунларда Наврўзи олам завқи, шукуҳи хонадон, оила, яқинлари даврасига сиғмайди. Айём шодиёналари қалбимиздан кўчаю ҳиёбонлар, томошагоҳу сайлгоҳларга кўчгандай, Ватандошларнинг хурсандчилигини кўриб, кўнглинг янада тўлқинланиб кетади. Шундай бағрикенг одамларга макон, шундай осуда заминда кўз очганингга шукроналар келтирасан беихтиёр.

         Юртимизда турли миллат вакилларининг ўз қадрият ва маданиятларини ривожлантиришлари, анъаналарига амал қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Бу бағрикенглик сиёсати хорижий юртларда ҳам юксак эътироф этилмоқда. Республикамизнинг ҳудудларида фаолият кўрсатаётган турли миллатлар маданий марказларининг тобора ривож топиб бораётгани ўзбек халқининг ўзгаларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини ғоят қадрлашига яна бир далил.

         Наврўзнинг ҳар нафаси эзгулик билан боғлиқ. Ҳамма нарсада жонланиш, уйғониш борлигини кўрасиз. Ўз навбатида миллатлараро дўстлик янада яққолроқ намоён бўладиган байрам бу.

         Бизнинг Ватанимиз ҳар баҳорни ўзига хос тарзда кутиб олади. Меҳр-оқибат, саховат туйғулари куртаклар, чечакларга ҳамоҳанг тарзда янада гўзаллашиб, қайта кўз очгандек бўлади. Ҳамма бир-бирига илтифотли, ширинсўз. Бағридаги ҳар бир инсонга бирдек меҳр тутадиган бундай юртга фақат байрамлар ярашади.

Камолиддин ҲАМРОҚУЛОВ

Норин тумани бош имоми ва “Ҳаққулобод”

масжиди имом-хатиби