Динлараро бағрикенглик – барқарорлик омили

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Ўзбек халқи маданиятининг серқирра намуналаридан бири Ўзбекистонда яшовчи турли халқлар, элатлар вакиллари билан дўстона муносабатларга киришиб яшаш, уларнинг ютуқларидан қувониш, маданиятидан баҳраманд бўлиб, улар билан биргаликда миллий бойликлар яратишдир.

Бундай ғоянинг амалда ўз ифодасини топиши миллатлараро, динлараро, давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаб, бағрикенгликнинг янгидан-янги йўналишлари ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Халқимиз бир неча асрдан буён эътиқод қилиб келаётган ва миллийлигимизнинг бир бўлагига айланган ислом динида бағрикенглик масалалари ваҳий бошланишининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жаҳон динларининг ичида фақат ислом динида эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. Қуръони каримда “Бақара” сурасининг 256-оятида “Динда зўрлаш йўқ” – дейилган. Қуръони каримда бошқа пайғамбарларга нисбатан бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда муомалада бўлиш очиқ-равшан баён этилган: Айтинг (Эй Муҳаммад!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва Унинг ўзигагина бўйин сунувчилармиз”.[1]

Ислом дини фақатгина мусулмонларга яхшилик қилиш билан чекланиб қолмасдан, бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни тақозо этади. Қуръони каримнинг қуйидаги оятида Аллоҳ таоло мусулмонларни тўғридан-тўғри бошқа дин вакилларига бағрикенглик қилишга буюриб: “Аллоҳдан ўзгага сиғинадиганлар (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, билмасдан Аллоҳни сўкиб юборадилар. ..”[2] деб, бошқа дин вакилларига тоқатсизликнинг оқибатлари қандай натижаларга олиб келишини кўрсатиб берди.

Динлараро бағрикенглик – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлидаҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

 Кенжабек Солиев,
Чуст тумани “Ғойиб Эронлар” жоме
масжиди имом хатиби
 
Манба: bukhari.uz 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. Оли Имрон сураси, 84-оят мазмуни. ТИУ Т:- 2004

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур.  Анъом сураси, 108 оят мазмуни. ТИУ Т:- 2004