ЭҲСОННИНГ ФАЗИЛАТИ

 

Раббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилишимиз Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир" (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Бақара сурасида шундай деган: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).

Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади.

Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривояти).

Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: яъни: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин!

Абдулазиз Кенжаев,
Поп тумани “Холматбой” жоме
масжиди имом-хатиби