ЭЪТИҚОДГА ТАҲДИД

Ҳозирги давримизда ҳар хил қуролли тўқнашувлар, оммавий келишмовчиликлар бўлмайди деб аниқ ишонч билан айтиш қийин. Негаки инсониятда нафс балоси бор экан манфаатлар тўқнашуви давом этаверади. Бу эса ўз навбатида катта-кичик уруш ва бошқа келишмовчиликларни келтириб чиқаради.

Хавф-хатар фақат шу билангина деб ўйлайсизми? Йўқ, бунгача ҳали қатор хатарлар бор: оммавий маданият, миссионерлик, ақидапарастлик, турли экстремистик хуружлар каби динга, миллатга, маданиятга, маънавиятга қилинаётган таҳдидлар борки, буларнинг барчасини умумлаштириб “эътиқодга таҳдид” деса бўлади. Бундай таҳдидларнинг нишони халқнинг онги шаклланмаган ёшлари ва ташқи таъсирга берилувчан ёки ўз нафсидан бошқа ғами йўқ бўлган қатлами экани билан хатарли. Айнан ўшандай кишиларнинг қалбидаги маънавий бўшлиқ бизга дўст бўлмаган кимсаларнинг ғаразли мақсадларига хизмат қилувчи бузуқ ақидалар билан тўлдирилади ва шу орқали халқ орасига фитна уруғи сочилади.

“Эътиқод” — ишонч деганидир. Инсоннинг ишончи ўзгардими, ҳаёт тарзи ҳам тубдан ўзгаради. Энди у ўзи тўғри деб билган, ишонган ана шу ақиданинг чизиғидан чиқмайди. Демак, эътиқод ҳаётимиз асоси экан, уни тўғри шакллантиришга интилишимиз керак. Мирзо Бедил:

Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор,

Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор.

Шундай экан ақидамиз бидъат-хурофотлардан, янглиш тушунчалардан ҳоли бўлса бизни ҳеч ким йўлдан адаштира олмайди, тинчимизни буза олмайди ва бошқаларга қарам бўлиб ҳам қолмаймиз.

 

Расулхон ҚОСИМОВ,

Чуст тумани “Уста Ўринбой” жоме масжиди имом-хатиби