ХОТИРЖАМЛИКДАН УЛУҒ НЕЪМАТ БОРМИ?

Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?” У “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг хаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.

Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.

Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.

Пайғамбар алайҳиссалом энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишликни сўраб, дуо қилишлик тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир” дедилар (Имом Байҳақий ривояти). Айнан шу мазмунни Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Демак шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин. Жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
 Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб қори" жоме
масжиди имом хатиби