ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК...

   Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ Басранинг амири Адий бин Арто(т)га қуйидагича нома юбордилар:

“қўл остингдаги ёши катта бўлиб қолган, қуввати кетиб заифлашиб қолган ёхуд тирикчилигидан айрилиб қолган зимма аҳлини аниқла. Сўнгра уларга халқнинг молидан (давлат бюджети назарда тутилмоқда) аҳволларини ўнглайдиган миқдорда нафақа жорий қилиб қўй. Агар-ки, мусулмонлардан бирор кишининг қули бўлса-ю у кексайиб, мадордан қолса ва пул топишга яроқсиз бўлиб қолган бўлса, албатта унинг (хожасининг) зиммасида то мазкур қулини озод этгунча ёхуд ўзи билан қулининг орасини ўлим ажратгунча боқиш ҳақ (яъни фарз) бўларди. Менга етиб келишича, бир куни мўминлар амири Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу зимма аҳлидан бўлган бир қариянинг одамлар эшигига келиб тиланаётганини кўриб қоладилар ва:

  “Ёшлигингда сендан жизя олиб, кейсайганингда эса ташлаб қўйиб, сенга инсоф қилмабмиз-ку!”, дедилар ва унга байту-л-молдан (бюджетдан) кунига ярайдиган миқдорда нафақа жорий қилдилар”.

   Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Ироқдаги Ҳийра аҳли билан зиммийлар иши бўйича шартномалашаётганда уларнинг эътиборига қуйидаги шартномани ҳавола қилган эди: “улардан қайси бир кимса кексайиб ишлашга қийналиб қолса, ёхуд соғлигига путур етса ёки аввал бой бўлиб, сўнг қашшоқлашиб қолганлиги туфайли ўз диндошлари унга садақа берадиган даражага тушиб қолса албатта, мазкур кишиларнинг жизяси бекор қилинур ва то ислом диёрида истиқомат қилар экан, бундай кишиларнинг ўзлари ҳам, оила аҳли ҳам мусулмонларнинг молия уйларидан (бюджетдан) таъминланурлар”.

   Зикр этилганлардан пенсия ва қарилик нафақаси каби ижтимоий ҳимоя воситалари ҳам аслида илк бора мусулмонлар томонидан йўлга қўйилганмикан, деган фикр ҳам келади кишининг онгига. Ва бу бежиз ҳам эмас. Мисол учун “истеъмолчи ҳуқуқи” деган тушунча шу ном билан яқин орада пайдо бўлди. Аммо, амалда эса истеъмолчи ҳуқуқининг ҳимоясига оид қонун-қоидалар ислом фиқҳида эскидан мавжуд эди. Фақат, фиқҳий манбаларда юқоридаги атама билан ёритилмаган холос.

   Худди шунга ўхшаб, бугунги маданий дунё ҳаётида муомалада бўлган кўплаб эзгу ишлар, анъаналар ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқларнинг дунё юзини кўриши ҳам аслида узоқ ўтмишларга бориб тақалади. Шу маънода пенсия, ҳомиладорлар нафақаси ва касалхоналар илк бора мусулмон оламида пайдо бўлган деган асосли қарашлар ҳам мавжуд. Жумладан, илк касалхона Умавийлар даврида Дамашқда юзага келганлиги тарихий манбалардан маълум. Ўшанда илк бора моҳов касалига чалинган кишилар учун сиҳатгоҳлар ташкил этилган.

   Кейинроқ ҳарқандай касал одам ўзини ўнглаб олгунча даволанадиган махсус касалхоналар вужудга келган ва уларга “бемористон” деб ном берилган. Бу вақтларда Европа ўзининг қора кунларини бошдан кечираётган, Ислом эса ўзининг олтин даврида эди.

  Шунингдек, юқорида келтирилган ҳужжатлар Ислом бағрикенглигининг ёрқин ва гўзал намунасидир. Ушбу бағрикенглик ва олийжаноблик туфайли мусулмонлар юртида яшаган кўплаб ўзга дин вакиллари кўнгилли равишда исломни қабул қилганлар ва ўз диндошлари аксариятни ташкил қилган юртларда яшашдан ҳам кўра мусулмонлар билан бирга умргузаронлик қилишни афзал билганлар. Зеро, бунда улар молу жонлари ва обрўларига тажовуз этилишидан омонликда бўлганлар ва буни ўз таналарида ҳис этганлар.

Мирзохид Умрзоқов,
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме
 масжиди имом ҳатиби.