МАЗҲАБСИЗЛИК – ИСЛОМ ШАРИАТИГА ТАҲДИД СОЛУВЧИ КАТТА ХАТАРЛИ БИДЪАТ

Мазҳабсизлик деганда ҳам асримиз уламоларидан бўлган Муҳаммад Саид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳни энг муносиб таърифлари “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” деганидир.

Шу мавзуда сўз юритар эканмиз аввало “мазҳаб” сўзининг луғавий ва шариъатдаги таърифига мухтожмиз.

“Мазҳаб” сўзи араб тилида “кетди”, «борди» маъносини англатувчи «заҳаба» феълидан олинган бўлиб, «йўл», «йўналиш» деганидир. Шаръий истилоҳда "тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир"

Минг афсуслар бўлсинки баъзан, “Мазҳаб” деган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз деб бонг уриб, Аллоҳнинг улуғ каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси муборакларини, ўз раъйлари билан фаҳмлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни ҳадиси муборакларининг, уламоларимиз шарҳлари билангина фаҳмламоққа буюрилганмиз. Китобу суннатни ўзидан, ўзимизча таъвил қилишдан эса қайтарилганмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ҳақида раъй билан гапиришни ҳаром деганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мендан эшитилмаган ҳадисларни (ривоят қилишдан) сақланинглар. Кимки менга ёлғонни нисбатини берса, у ўзига дўзахдан жой тайёрлабди. Кимки Қуръонни ўзича тафсир қилса, у ўзига дўзахдан жой тайёрлабди».

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Қуръондан ўз раъйи билан гапирса, рост гапирса ҳам, хато қилган бўлади»;

Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда айнан тўрт машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади.

Хулоса шуки, тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Ҳатто Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

 

МуҳаммадАюб ФАХРИДДИНОВ,

Тўрақўрғон тумани “Абдулваҳҳоб қори” жоме масжиди имом-хатиби