Меҳр-оқибат

Инсон зоти борки, бу дунёда ўзгаларнинг, хусусан ўзига яқин кишиларнинг муҳаббатини, ҳурматини қозонишни орзу қилади. Ушбу  орзуни рўёбга чиқариш йўлида ҳаракат қилади, елиб югуради.

Қуръони каримда яхшилик ҳақида бир қанча оятлар келган. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: "Юзларингизни Машриқ ёки Мағриб томонига буришингиз(ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки яхшилик Аллоҳга охират кунига, фаришталарга, китобларга, набийларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга, қул озод қилиш йўлида берадиган, намозини тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунигдек оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содикдирлар айнан ўшалар тақводордирлар". (Бақара-177) Одамлар яхшиликни кўпинча ўз фикрлари доирасида тушунадилар. Юқоридаги ояти каримада эса Парвардигори олам томонидан яхшилик нима эканлиги батафсил тушунтириб берилмоқда. Демак, яхшиликни касб қилишни ўйлаган, одамлар ўртасида меҳр-оқибатли бўлиш ёки ҳурмат қозонишни ва охиратда яна имони содиқлардан бўлишни ўйлаган ҳар бир инсон учун аввало яхши кўрган молидан қариндош уруғларига, етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга, мискинларга яъни еб ичиши ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга, йўловчига яъни Ватанидан узоқда нафақасиз қолганларга, тиланчига яъни ночорликдан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга бериши лозим экан.

Одамлар ўртасида Аллоҳ таъоло томонидан берилган бойликларидан хайр эҳсон қилишни одат қилган инсонлар авваламбор молу дунёга ҳирс қўйишдан, заифликдан, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Бу эса юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсонлар ҳақиқий яхшилик қилган ва одамлар ўртасида меҳр-оқибат ҳурмат уруғларини сочган бўлади. Абу Ҳурайра розияаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, сизлар мусулмон бўлмагунингизча жаннатга кира оламайсизлар бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча мусулмон бўла олмайсизлар. Ўрталарингиза саломни кенг тарқатинг, ўзаро муҳаббат қўясизлар, бир-бирингизни ёмон қўришдан сақланинг, чунки, бу қирувчидир. Мен сизга бу сочни қиради демайман. У динни қиради"-дедилар. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ўртасида бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлиш учун керакли ўгитларини айтиб ўтдилар. Бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиш, тотув-аҳил бўлиш мусулмонларнинг шиори ҳисобланади. Биз ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олишимиз керак. Мўмин-мусулмон бўлган барча инсонларни ҳурмат қилишимиз лозим. Ўзаро муҳаббатли бўлишимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашимиз даркор. Бу эса учраган мусулмон биродаримизга ҳоҳ катта бўлсин, ҳоҳ кичик бўлсин чин юракдан "Ассалому алайкум" деб, унга тинчлик ва саломатлик тилашимиз билан бошланар экан.

 

Иброҳим РАҲМАТИЛЛАЕВ

Поп тумани “Холматбой”

жоме масжиди имом-ноиби