ШУКРОНАЛИК-АМАЛИ БИЛАН ГЎЗАЛ.

       Шукр инсонни энг намунали ҳаётга элтувчи воситадир. Негаки борига шукр йўғига қаноат килишга ундайди. Роббимизнинг неъматларини катта-кичик  демай, улар шукрини бажо келтиришимиз ҳар бир кишининг зиммасидаги бурчидир.  Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шундагина бандаларидан  рози бўлади. Қуръони каримда бу ҳақида  марҳамат қилиб айтадики  “... Агар шукр килсангиз, У сизлар учун рози бўлур...”  ( Зумар -7 ) , дейилган. 

         Мустақилликдан олдин  масжидларни тўлдириб ёшу–қари эмин-эркин ибодатларни адо этишлари қаёқда эди. Юртимиз йилдан –йилга обод  бўлиб , халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак бунга жавобан   кечаю  кундуз  бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз  соллалоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек :  “Икки неъмат борки,  кўпчилик одамлар унинг кадрига етмайдилар. У сиҳат –саломатлик ва хотиржамликдир”. Бу ҳадиси шарифни шунчаки ўқиш ёки айтишга осон, аммо унга теранроқ ёндашадиган бўлсак, қалбдан чуқурроқ фикр қиладиган бўлсак инсон учун бунданда улуғ неъмат бўлмаса керак. Агар соғлигини йўқотган кишига на уй жой, молу дунё, фарзандлар бирортаси кўзга кўринмас, факат соғлиги тўғрисида кайғуради. Тинчлик ҳам худди шу каби, буни йўқотганлар билади. Шукрки юртимизда тинчлик хотиржамлик хукм сурмокда, бу энг катта неъмат, бу неъматни  кадрлай билиш, шукрини қилиш хозирги кунда шу юртда яшаётган ҳар бир инсонинг бурчидир.   

         Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан , яна баъзи жойларда уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмокда. Аллоҳга бехисоб шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида ҳаётимиз осуда давом этмокда.

         Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлардан миннатдор бўлувчи киши  Аллоҳга шукр қилувчидир”  ва яна  “Жаннатга биринчи бўлиб чақирилувчилар қийинчиликда ҳам хурсандчиликда хам Аллоҳга хамд айтадиган шукр килувчилардир” деганлар.

         Инсон ҳаётининг бир маромда ўтиши турмуш тарзининг гўзал ва обод бўлиши омилларидан яна бири қаноат ва шукрдир. Зеро Аллоҳ таоло Куръони каримда   “ Агар берган неъматларимга шукр қилсангиз уларни зиёда қилурман”  деб марҳамат қилган.

         Шукрнинг уч кўриниши мавжуд. Биринчиси – қалб шукридир. Бунда берган неъматни ички туйғу билан чин кўнгилдан хис этиб шукр килишга айтилади. Иккинчиси- тил шукри. Бунда неъмат берувчига тахсин айтиш, ҳамд айтиш ва шукрона келтириш демакдир. Учинчиси – тана аъзоларининг шукри. Бунда эзгулик ва ҳайрли амалларни бажариш. Аллоҳга хуш келувчи ишларни қилишга шошилиш,  етим  ва ногиронлар ҳолидан хабар олиб, эхтиёжмандларга ёрдам кўрсатишдир, хусусан халк  фаровонлиги  йулида  манфаат кўрсатишдир.       

    Инсон ҳаётида шукроналик ва сабр қаноат доимо қувончли онларнинг пойдевори бўлиб келган. Шукрнинг ёнида зикр этилган сабр одам фарзанди учун ҳаводек зарур. Кўп ҳолатларда баъзи бир қийинчиликларга сабр этиш келажакдаги эришиладиган орзу умидларга замин яратади. Сабрнинг миқдор ва ўлчами хар бир инсон эътиқод иродасининг бутунлигига боғлиқ. Ҳадиси  шарифда айтиладики “ Мўминнинг иши ажойиб. Унинг ҳамма иши ўзига фойда. Агар бир яхшилик етса , унга шукр  қилади ва у учун яхши бўлади. Агар ёмонлик етиб, сабр килса, бу ҳам яхшилик бўлади.

       Расулуллох соллалоҳу алайҳи ва саллам нинг хаётлари барчамизга намунадир. Маълумки у зот,  соллалоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ва оилалари учун камтарона ҳаёт тарзини иҳтиёр этган эдилар. Бу эса тўкин ҳаёт кечириш имконияти йўклигидан ёки ноилож колганликдан эмас, балки  илохий таълимот остида содда, шукр ва қаноатга  асосланган турмушни танладилар. Зеро, ислом таълимотида неъматларга шукроналик инсон маънавий даржасини юқори, имонининг комил эканини билдирувчи хусусиятдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) “Шукр килиш имонинг ярмидир” , деганлар.

        Билингки ҳамд ва шукр аввалгилару охиргиларнинг ибодатидир. У малоикаларнинг ибодати , пайғамбарларнинг ибодати, ер аҳлининг ибодати, жаннат аҳлининг ибодатидир.

         Пайғамбаримиз ( с.а.в.)  айтдиларки:  “Тўрт нарса кимга берилган бўлса , дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил , шукр этувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа  мўмина  аёл”

          Тўрт  хислат кимда бўлса дунё матоларидан ҳам яхширок нарсалар берилибди: Аллоҳдан ошкора ва яширин ҳолатда кўркиш, камбағалликда ҳам бойликда ҳам ўртача бўлиш, розилик ва ғазаб ҳолатида ҳам адолатли бўлиш, хурсандчилик ва хафаликда ҳам Аллоҳга шукр килиш.              

          Дархақиқат, қанча шукр келтирсак, шунча обод бўламиз, мақсадларимизга етамиз, саноқсиз неъматлар ичра чароғон хаётга эришамиз. Зеро, қаноат ва шукр банданинг қадр- қимматга эгалиги, ақлининг етуклигига далолатдир. Қаноат  ва шукр оркали инсон Аллохнинг розилигига ва муҳаббатига эришади.

  Муроджон Юсупов,            

Чорток  туман,  “Болтабой  ўғли  Мулла  Умархон”  жоме
масжиди  имом  хатиби