ТИНЧЛИК-УЛУҒ НЕЪМАТ

Жамиятда тинчлик-хотиржамлик, осойишталик бардавом бўлса, инсон бундай улуғ неъматнинг қадрига ҳамиша ҳам этмаслиги мумкин. Лекин дунёда рўй бераётган ахборот таҳдидлари, терроризмнинг мудҳиш оқибатларидан бохабар бўлган киши юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг нақадар қадрли эканини юрак-юракдан ҳис қилади.
Ҳар бир инсон учун тинчлик, осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат йўқ. Кўҳна солномаларга назар солсак, урушлар қанча бегуноҳ жонлар умрига зомин бўлган катта вайронгарчиликлар келтириб, тараққиётни ортга суриб юборган.

Бугунги кунда ҳам дунёнинг турли ҳудудларида урушлар, қон тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишлар давом этяпти. Энг ачинарлиси, кўпинча бу урушларга диний тус бериляпти.

Халқаро майдонда турли зўравон кучлар томонидан “эркинлик ва демократия тамойили" ниқоби остида амалга оширилаётган ғаразли сиёсат туфайли дунёнинг айрим минтақаларида тинч ҳаётнинг издан чиқиши, ҳокимият тепасига айнан ўша қудратли давлат манфаатига хизмат қиладиган кучлар келиши кузатилмоқда.

Миллий ва стратегик режаларни амалга оширишга қаратилган бу сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсади халқни таҳдид ва қўрқув искан-жасида сақлаб туриш орқали дунёни қайта бўлиб олишдан иборат. Нафсига эрк берган корчалонлар ана шу қонли урушлар баҳонасида ўзларининг ўйинларини олиб боришяпти.

 

Бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етган инсон ўз қадрига етади. Тинчлик учун курашмоқ кераклигини доимо ёдимизда сақлашимиз, ҳар куни ўз хонадонимизда, маҳалламизда, корхонамизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш учун жонбозлик кўрсатиб, фаол курашмоғимиз керак. Курашмоқ дегани қўлга қурол олиб, майдонга чиқиш дегани эмас. Аввало, мана шундай дориломон ва ёруғ кунларга юракдан шукрона айтиб, юрт ободлиги, унинг кундан-кунга рав-нақ топиши учун ҳар ким ўз жойида ҳиссасини қўшиши керак.

Мустақиллик йилларида бошимиздан кечирган турли тажовузкорли кўринишлари, мамлакатимиздаги тинч-осуда ҳаётни, ислоҳотларни, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўролмаётганларнинг ғаразли ниятлари ҳар биримиздан ҳушёрликни, янгиликка теран фикр, чуқур мулоҳаза билан қарашни тақозо қилади. Дунёдаги турли тазйиқ ва агрессияларнинг янгича моҳиятига назар ташлаб, оқилона хулоса чиқарган, найранглар остидаги мақсадларни англаб етган мамлакатдагина тинчлик-осойишталик, фаровонлик барқарор бўлади.  Аллоҳ юртимиздаги хукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни бардамом ва барқарор бўлишлигини насиб ва рўзий айласин.

 Лутфиддин Абдурахмонов,
Чуст тумани “Булоқли” жоме
масжиди  имом хатиби