ТЎҒРИ ЭЪТИҚОДЛИ ОДАМ АДАШМАЙДИ

Яшаётган асримизда қуролли тўқнашувлар, оммавий келишмовчиликлар бўлмайди, деб башорат қилинган эди. Бироқ инсониятда нафс балоси бор экан, манфаатлар тўқнашуви давом этавериши, бу эса ўз навбатида катта-кичик урушларни келтириб чиқаверишига янги минг йилликнинг бошидаёқ яна бир бор гувоҳ бўлди.

Хавф фақат шугинами? Йўқ, бунгача ҳали қатор хатарлар бор: миссионерлик, оломонча маданият, террорчилик, ақидапарастлик, турли радикал-экстремистик хуружлар...

Буларнинг барчасини умумлаштириб “этиқодга таҳдид” деб атаса бўлади. Бу таҳдид нишон марказида халқнинг онги шаклланмаган ёшлари ва ташқи таъсирга берилувчан ёки қорнидан бошқа ғами йўқ қатлами бўлиши билан хатарли. Айнан ана шундай кишилар қалбидаги эътиқодий бўшлиқ бизга дўст бўлмаганларнинг ғаразли мақсадларига хизмат қилувчи бузуқ ақидалар билан тўлдирилади. Шу орқали халқ орасига фитна солинади.

“Эътиқод”, “ақида”- ишонч демак. Кишининг ишончини ўзгартирдингизми, ҳаёт тарзи ҳам тубдан ўзгарди деяверинг. Эътиқод масаласи жуда нозик масала ҳисобланади.  Бу масалада адашган одамнинг амаллари зое бўлади. Бу ҳақда Сўфи Оллоёр ҳазратлари: “Ақида билмаган шайтонга элдир, минг йил ибодат қилса ҳам ҳаммаси елдир” деганлар. Бу байтларда, тўғри эътиқодни билмаган инсон шайтонни дўсти эканлиги, агарда у умри давомида ибодат қилса ҳам беҳуда эканлиги таъкидланмоқда. Шунинг учун инсон ўзи тўғри деб билган, ишонган ана шу ақиданинг чизиқларидан четланмайди.

Демак, эътиқод ҳаётимиз асоси, пойдевори экан, уни тўғри шакллантиришга интилишимиз керак. Мирзо Бедил: “Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор, Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор”, дейди. Шунга кўра, ақидамиз бидъат-хурофотлардан, янглиш тушунчалардан холи бўлса, бизни ҳеч ким адаштиролмайди, тинчимизни бузолмайди ва ўзига қарам қилолмайди.

Шунинг учун ақидавий зиддиятларга сабаб бўлган воқеалар тарихини, уларнинг туб илдизини ва  асл моҳиятини ўрганиб чиқишимиз;

Мусумонни нафақат кофирликда айблаш, балки уни ҳақоратлаш нақадар оғир гуноҳлигини билишимиз;

Душманларнинг найрангига ишониб ўзини-ўзи портлатиш, айримлар даъво қилаётгандек, шаҳидлик эмас, балки ўз жонига қасд этиш ва бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишдек катта гуноҳларни орқалаб жаҳаннамга тушиш эканини англашимиз;

Миссионерлар алдовига учиб, арзимаган дунё матоҳини деб имондек бебаҳо неъматдан кечиш икки дунёда ҳам хор-зорлик келтиришини билишимиз;

Ҳар-хил “демократия экспортчилари” нинг жозибали чақириқлари усти ялтироқ тузоқдан бошқа нарса эмаслигини, уларга халқ ҳуқуқларидан ўзларининг миллий манфаатлари устун эканини англашимиз лозим.

Абдулбосит Юнусов
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ хожи” жоме
масжиди имом хатиби