Ватан севгиси – имон белгиси

Она Ватан! Нима учун Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки, Ватан ҳам онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, дунёга келганидан кейин эса Она Ватан бағрида униб-ўсади. Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер унинг Ватани ҳисобланади. Мана шу Ватанни асраб-ардоқлаш, ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ахир доноларимиз бежизга айтишмаган-ку:

Туғилган ердан кўнгил узилмас,

Юрт қўриганнинг юрти бузилмас.

         Ватанни севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар бор экан, шу юрт доимо юксалаверади. Ҳар бир эл ҳар бир миллат учун ўзининг туғилиб ўсган Ватанидан ардоқлироқ маскан бўлмаса керак. Демак, она-Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш ва соғиниб яшашлик инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Қаерга бормасин, киши ўз Ватанини барибир қумсайверади. Чунки, инсон дунё юзини кўргач, биринчи бўлиб Ватанидаги ҳаводан нафас ола бошлайди, Ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўйиб, юришни ўрганади, дунёни танишни шу Ватанни англашдан бошлайди. Илк киндик қони тўкилган, дастлабки қадамларини қўйган тупроқни ҳимоя қилишлик барчамизнинг Ватан олдидаги инсонийлик бурчимиз ҳамдир.

         Юрт тинчлигини ҳимоя қилишда ҳар бир соҳа вакиллари ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим. Масалан, ўқитувчилар ўқувчиларга Ватан ягоналиги, Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканини тушунтириб борса, ўсиб келаётган ёш авлод Ватанга садоқат ҳисси билан улғайиб боради. Натижада, келажак авлодларимиз юрт ҳимояси нақадар улкан вазифамиз эканини қалбдан ҳис қиладилар ва бунга қаттиқ бел боғлаган ватанпарвар бўлиб камол топадилар. Мутафаккирлардан бири шундай деган экан: “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халқи ва Ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”. Бундай ватанпарварлари бор юрт эса доимо тинч, осмони мусаффо, халқи аҳил, ризқи мўл, ҳаёти эса фаровон бўлади. Бундан ташқари муқаддас динимизда Ватанни ҳимоялаш муқаддас бурч сифатида белгиланиб, бу хизмат учун катта мукофотлар ваъда қилингандир. Ҳақиқатан ҳам, Ватан ҳимоячиси бўлишлик энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан лойиқ бўлишни яхши англайдилар, ана шу сифат ва ҳислатларни эгаллашга доимо ҳаракат қиладилар. Бу вазифалари билан улар нафақат ўз Ватанларини, балки, энг яқинлари – ота-оналари, қавму-қариндошлари, туғилиб ўсган масканини ҳимоя қилган бўладилар.

         Ният қилиб қоламизки, мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячилари соғ-саломат, диёримиз осмони доимо мусаффо, тинчлигимиз эса барқарор ва мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Зикрилло Умрзоқов

Норин тумани “Ҳаққулобод”

масжиди имом-ноиби.