ВАТАНИМИЗДАГИ ТИНЧ, ОСОЙИШТА ВА ФАРОВОН ҲАЁТ

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ва Имом Термизий). Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир, колаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: яъни: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»*. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.. Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда келтирган кимсаларга қиёслаш мумкин. Тинчлик улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон бу мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”. Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси-саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин. Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар ўлда-жўлда қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан урушлар чиқаришдан, тор манфаатлар йўлида бир-бирларига қурол кўтаришдан қайтарган. “Уруш деган фалокатни кўпинча калтафаҳмлар ўйлаб топади. Жабрини эса бегуноҳлар тортади. Бегуноҳ аскар, бегуноҳ ота, бегуноҳ она, бегуноҳ келин, бегуноҳ гўдак...”. Аллоҳ таоло бандаларини урушга чақирмаган, аксинча, ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, сулҳи-салоҳда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этган. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига хилофдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари сурганлар. Охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Истиқлолнинг илк кунлариданоқ жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик. Яратгандан бир-биримизга тинчлик, беғубор осмон, осойишта ҳаёт, хотиржамлик тилайлик!

Тожиддин Хужаханов,
 Янгикургон тумани “Ёрилган”жоме
 масжиди имом хатиби