ЁТ ҒОЯЛАРНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй еради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Азизлар, бундай тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етайлик.

Маълумки, экстремистик кучларнинг асосий мақсади инсониятни қўрқитиш, динни ниқоб қилиб ўз қабиҳ мақсадига эришишдан иборат. Аслида, терроризм ва экстремизмнинг бирон динга алоқаси йўқ. Шу сабабли экстремистлар, террористлар бирон динни “ҳимоя” қилмайди ва бирор дин ҳомийси ҳам эмас. Улар бор-йўғи жаҳон аҳли ва жамоатчилигига хавф солаётган бузғунчи ва қотиллар тўдасидир. Шу туфайли уларга қарши халқаро майдонда кескин кураш олиб бориш ҳозирги даврнинг долзарб вазифалари, десак хато бўлмайди. Экстремистик оқимларнинг ягона хусусияти, уларнинг динда ғулув кетишларидир. Динда ғулувга кетиш эса, залолатга кетишнинг асосидир.

Аллоҳ таоло огоҳлантириб бундай дейди: “Динингизда ҳаддан ошмангиз” ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77).

Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон тури - етарли илми бўлмаса ҳам Қуръонни ўзича тушунишдир. Бундан ташқари, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда динни яхши тушиниб етмасликдан бўлади.

Динда чуқур кетмаслик ва қаттиқлик қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: "Аллоҳ таоло шариатида ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар" деб уч марта айтдилар.

Сўнги вақтларда ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан диний соҳага катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Аммо, яратилаётган шарт-шароитларга шукроналик келтириш ўрнига айрим динни ниқоб қилиб олган экстремистик ва халқаро террористик ташкилотлар аъзолари, юртимизда ислом динига эътиқод қилувчиларга эркинлик йўқ, деб ўзларининг ёлғон иддаоларини кенг аҳолига тарғиб қилишга уринишмоқда. Мазкур кайфиятдаги адашган оқимларга ҳозирда ислом оламида кенг тарқалиб келаётган мутаассиб кўринишдаги “Салафийлар”, “Ҳизбут таҳрир” каби экстремистик оқим тарафдорларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Бугунги кунда ҳар бир инсон дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан огоҳ бўлиши, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиши, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор.

 

Яхёхон УБАЙДУЛЛАЕВ,

Чуст тумани “Эшон Суфи бобо” жоме масжиди имом-ноиби