ЖИНОЯТЧИЛИКДАН УЗОҚ БЎЛАЙЛИК

Жиноятчилик – бу жамиятнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлиги, аҳолининг хотиржамлигига путур етказишга қаратилган қора куч ҳисобланади. Унга қарши курашишда самарали тизим йўлга қўйилиши эса нафақат жиноятларга қарши курашиш, балки унинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда айнан шу жиҳатга эътибор қаратилиб, жиноятчиликка қарши курашишда барча тизимларнинг, хусусан, ички ишлар органлари ва маҳаллалар фаолияти ҳамкорлиги мустаҳкамлангани аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон тинчлик таъминлангани жиҳатидан жаҳондаги етакчи давлатлардан бири. Аммо, бу хотиржамликка берилишга асос бўлмаслиги керак. Боиси жиноятчиликка қарши курашиш доимийликни талаб қиладиган жараён.

Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг жиноятчиликка қарши курашишдаги иммунитетини кўтаришга доимий эътибор қаратмоқдалар. Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масала яна эътибор марказида бўлди. Жойларда жиноятчиликнинг туб илдизига ҳали тўлиқ етиб борилмаётгани, жиноятларнинг асл сабаблари ўрганилмаётгани кескин танқид қилинди. Пойтахтимизда «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни талаб ва тавсиялар» мавзуида ташкил этилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди.

Бу – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган жиноятчиликни жиловлаш бўйича янги тизимдир. Эндиликда тизим моҳиятини очиб бериш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида қилинаётган ишлар ана шундай, яъни “Жиноят ҳақиқати ва адолат» рукни остида оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилмоқда. Бундан буён масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Бу жараён ОАВда кенг акс эттириб борилади.

 

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,
Уйчи тумани бош имом-хатиби