Қадимий Ахсикент ёдгорлиги туризм манзилига айлантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.

Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.

Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.

Президент топшириғига мувофиқ 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

 

Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. Қадамжони тадқиқ этиш, унинг жозибадорлигини ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида махсус концепция ишлаб чиқилган. Айни кунда шу асосда Фарғона водийсида ички туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Президентга Ахсикент мажмуа бош режаси, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Унга кўра, бу ерда музей ташкил этилади. Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилади. Умаршайх Мирзо ва Бобурнинг Камолиддин Беҳзод чизган суратлари асосида уларнинг ҳайкали бунёд этилади. Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади.

Бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, Ахсикент туризм манзилига айлантирилади.

Давлат раҳбари Ахсикент тарихини илмий асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, аждодларимизнинг асл ўтмиши ҳақида маълумотларни тўплаш ва ёш авлодга сингдириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш кераклигини таъкидлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати