Аждодлар асос солган "Ҳадис илми мактаби" равнақ топди

Билим юртида жорий йил 31 январ куни билим юрти ўқитувчи ва талабалар ўртасида тадбир ўтказилди.

Тадбирда билим юрти мудири, ўринбосарлари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этдилар.

Тадбирни билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев очиб, бугунги тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 896-сонли қарори мазмун моҳиятига тўхталди ва қарорга мувофиқ Самарқанд вилоятида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Сўнг сўз олган маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари Абдулҳай Турсунов Ҳадис илми мактаби фаолият бошлагани юзасидан сўз юритиб, мактабининг асосий мақсади – Ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис шарифларнинг асл моҳиятини, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Ҳайсам Шоший, Абдулҳамид Кешийлар ҳамда йирик олти ҳадис тўпламининг асосчилари Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Абу Довуд, Имом ибн Можаларнинг улкан илмий меросини ўрганиш, уларнинг асарларнинг илмий-изоҳли таржима қилиш орқали халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш, Ҳадис илми мактабининг асосий мақсадини рўёбга чиқариш учун олий маълумотли ҳадис илмлари, ислом шариати ва араб тили бўйича мутахассис тайёрлаш, соҳани олий диний маълумотга эга бўлган кадрлар билан таъминлаш ва кадрлар захирасини яратиб бориш, “Жаҳолатга қарши - маърифат” шиори асосида фаолият олиб бориш ҳам бу мактабнинг муҳим вазифаларидан бири эканлигига урғу берди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими томонидан тақдим этилган Ҳадис илми мактаби тўғрисидаги видео ролик ва тақдимотларни намойиш этилди.

Ҳадис илми мактабида таҳсил олиш истагини билдирган битирувчи курс талабалари рўйхати шакллантирилди. (рўйхат илова қилинади)

Иштирокчилар Ҳадис илми мактаби бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. 

 

БИЛИМ ЮРТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ