БОШ ОТИНОЙИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Бугун – 4 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан вакиллик биносида Наманган шаҳар ва туманлар бош отинойилари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда вилоят бош имом-хатиби А.Турсунов ва вакиллик масъуллари иштирок этдилар.

Йиғилишда отинойилар аёл-қизларнинг маънавий дунёсини бойитишга ёрдамлашувчи, диний ва руҳий талабларига жавоб берувчи шахс эканлиги, маросимларни диний қадриятлар асосида ўтказишга бошчилик қилиши уларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланиши, бугунги кунда замон талаби ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, отинойиларнинг вазифалари доираси янада кенгайганлиги, улар зиммасидаги вазифалар ҳамда олдиларига қўйилаётган талаблар ортиб бораётгани таъкидланди. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳозирги кунда отинойилар институтининг ҳуқуқий мақомини белгилаш борасида ҳам ишлар амалга оширилаётгани, ҳозирги замон отинойиси чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунёвий ва диний билимлар соҳибаси, эл-юрт орасида обрў-эътиборли, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёл бўлиши кераклиги тушунтирилди. 

Шундан сўнг отинойилар фаолиятини янада яхшилаш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш сўнгида отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, фаолиятлари давомида дуч келаётган масалалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакиллиги 

матбуот хизмати