Муфтий ҳазратлари: динимиз ва мазҳабимиз бирлиги йўлида ҳамжиҳат бўлайлик!

Бугун, 26 июнь куни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар Фарғона вилояти Сўх туманига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов кутуб олди.
Куннинг биринчи ярмида икки давлат уламолари иштирокида “Динимиз ва мазҳабимиз бирлиги йўлида бирдам бўлайлик” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мулоқотда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазҳабга эргашиш бирлик рамзи экани, мўмин-мусулмонларнинг иттифоқлигини мустаҳкамлашни алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, дини мубинимизда қўшни ҳақларига риоя қилиш муҳимлиги, меҳр-оқибат ришталарини яхшилашда қўшниларнинг ўрни беқиёс экани ҳақида тўхталдилар. Қуръони каримни маҳкам тутсак, мўмин-мусулмон эканимизни унутмасак, ҳеч қачон орамизга бегона кучлар киролмайди. Чунки мусулмон одам ўз диндошига фақат яхшиликни раво кӯради, дея муфтий ҳазратлари ўз сўзларини якунладилар.
Давра суҳбатида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва бир гуруҳ мутасаддилар маъруза қилдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар қўшниларнинг миллати ва ирқига қарамасдан уларга яхшилик қилишга буюрилгани, қўни-қўшниларга озор бермаслик, ҳурматларини сақлаш зарурлиги, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришиши, аксинча, ёмон муносабатда бўлиш эса, хуник оқибатларга олиб келиши тўғрисида сўз қилдилар.
Қўшни ҳақларини адо этиш ўзаро меҳр-муҳаббатнинг ошиши, тинчлик, ҳотиржамликнинг мустаҳкамлашишига замин яратади. Халқимизда “қўшнинг тинч сен тинч” деган мақол бежизга айтилмаган. Агар икки юрт вакиллари ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, динимиз кўрсатмаларига амал қилсалар нафақат савоб оладилар, балки бир қанча ютуқларга ҳам эришишлари мумкин.
Мулоқот ва учрашувлар давом этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати