Наманганда "Ҳаж-2019" гуруҳ раҳбарлари учун йиғилиш ўтказилди

Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида “Ҳаж-2019” мавсумида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари учун йиғилиш бўлиб ўтди.


Унда Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари қатнашди.
Мазкур тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари М.Йўлдошев, Д.Бабаджанов, ЎМИ Масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, Халқаро алоқалар бўлими мудири М-А.Шакиров, тиббиёт гуруҳи раҳбари А.Саатов, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ж.Алойдинов ва вилоят бош имом-хатиби А.Турсуновлар иштирок этдилар.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Алойдинов сўзга чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан турли йўналишларда олиб борилаётган ишларда куч-қувват тилаб, ушбу тадбир айнан Наманганда ташкил этилаётганидан мамнун эканлигини билдирди. Водий вилоятлари элликбошиларини табриклаб, уларга омад ёр бўлишини тилади.
Тадбирда меҳмонлар томонидан Ҳаж мавсуми давомида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарларига керакли тавсия ва маслаҳатларни берилди.
Шуниндек, йиғилишда гуруҳ раҳбарларига ҳаж ибодатининг рукнлари, зиёратчиларнинг ибодатини мукаммал ташкил этиш чоралари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишлар ҳақида атрофлича кўрсатмалар берилди.
Ўз навбатида, гуруҳ раҳбарларига сафар билан боғлиқ ҳужжат ишлари, гуруҳдаги зиёратчиларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам керакли эслатмалар тушунтирилди.
Гуруҳ раҳбарлари учун ташкил этилган мазкур тадбирда, яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, зиёратчилар ўз соғлиғини муҳофаза қилиши, доимий равишда уларга саломатликларини асраш борасида тиббиёт гуруҳи раҳбари А.Саатов муҳим маслаҳатлар бериб ўтди.
Йиғилиш якунида мутасаддилар гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Наманган вилоят вакиллиги 
Матбуот хизмати