Наманганда диний соҳа ходимларининг малака ошириш ўқувлари давом этмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 19 декабрдаги 6853-сонли хатида диний соҳа ходимлари учун 2018 йил 22 декабрдан ҳудудларда малака ошириш ўқувлари ташкил этилаётган эди. Навбатдаги малака ошириш ўқувлари бугун – 2 февраль кунидан иккита ҳудудда – Наманган шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ва педагогика коллежи ва Наманган туманидаги тепақўрғон педагогика коллежида Наманган шаҳри ва Наманган туманида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари – имом-хатиб, имом-ноиби, отинойи ва маҳаллий домлалар иштирокида бошланди. Ўқувларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги, Наманган давлат университети, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртидан маърузачилар дарс бериш учун жалб қилинди. Ташкил этилган малака ошириш ўқувлари диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини ошириш, халқимиз, хусусан, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш ҳамда соф ислом таълимотларини етказишда ўз самарасини беражак.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги матбуот хизмати