ҲАЛОЛ НАРСАЛАР ИЧИДА АЛЛОҲ УЧУН ЭНГ ҒАЗАБЛИСИ – ТАЛОҚДИР.

Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган бир муҳим шаръий масала – талоқ масаласики, бугунги кунда ёшларимиз ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ – шариатимизда охирги чора сифатида жорий қилинган бўлсада, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
“Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир”(Имом Абу Довуд ва Имом Можа ривояти).
Баъзи эркаклар орасида ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабланган ҳолда ўрниларидан туриб:
“Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”,–дедилар. (У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан) ҳатто бир киши ўрнидан туриб:
“Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).
Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Кўпгина ёшлар “Нега хотингизни талоқ
қилдингиз?” деган саволга “Билмай ёки ҳазиллашиб шундай қилиб қўйибман” деган жавобни беришади. Ваҳоланки, шариатни билмаслик ҳеч кимни масъулиятдан халос қилмайди. Зеро, илм олиш – барча мусулмонларга фарздир. Худди шу каби билмасдан ёҳуд ҳазил тариқасида айтса ҳам, талоқ тушади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деганлар:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, хазили ҳам жиддий: Итоқ(қул озод қилиш), никоҳ ва талоқ».
Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-барака бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни никоҳ ва оила масаласида ҳам шариатимиз кўрсатмаси асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин!
Мирзоҳид Умирзоқов,
Мингбулоқ туман «Топтиқ Азиз» жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022