ОМОНАТДОРЛИК ФАЗИЛАТИ.

Икки улуғ имом-Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Тўрт нарса борки, кимда ўша нарсалар бўлса, у мунофиқдир. Агар кимда у иллатлардан бири мавжуд экан, унда ўша иллатни ташлагунча нифоқнинг бир иллати бўлади: Агар омонат топширилса, хиёнат қилади. Гапирса, ёлғон гапиради. Аҳдлашса, алдайди ва баҳслашса, фожирлик қилади", деганлар.
Бу ерда ҳамма нарса очиқ ва равшандир. Ортиқча шарҳнинг ҳожати ҳам йўқ. Лекин мунофиқлик кофирликдан ҳам баттар эканлигини яна бир бор эслатиб қўйиш кифоя. Кофир ўзининг мавқеини яширмайди, очиқ-ойдин айтади. Шунинг учун у билан олдиндан билиб, ҳисоб-китобни тўғрилаган ҳолда муомала қилинади. Мунофиқ эса, сиртдан ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, ўзига мусулмонларга қилинган муомалада бўлишларини истайди ва оқибатда мусулмонларни доғда қолдиради. Эътибор билан қаралса, хиёнатчилар, ваъдабозлар ва алдамчилар ўзларини ишончли қилиб кўрсатиш учун Исломдан, Иймондан, Қуръондан лоф уриб гапирадилар. Биз ҳам мусулмонмиз, бизнинг ҳам Худодан умидимиз бор, каби инсон дилини эритадиган гапларни топиб гапиради. Ҳатто қасам ҳам ичиб юбораверади. Аммо бу ақли қасирлар бошқаларни вақтинчалик алдаётганларини, тезда кирдикорлари фош этилажагини, оқибатда, юзлари шувит бўлажагини англамайдилар. Албатта, қиёмат куни Аллоҳ Таоло бундайларни жаҳаннамнинг энг тўрига-қаърига ташлаш билан жазолайди. Чунки мазкур маънавий жиноятлар фақатгина шундай жазога муносибдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: "Аллоҳнинг йўлида қатл бўлишлик ҳамма гуноҳларни ювади. Аммо бу ҳам омонатга хиёнатни юва олмайди. Агар банда Аллоҳнинг йўлида қатл қилинган бўлса ҳам қиёмат куни унинг олдига келиб: "Омонатингни адо эт", дейилади. Бу одам: "Эй Парвардигоро, қандай қилиб адо этаман. Ахир у дунё тугади-ку?", дейди. Шунда:" Уни дўзахнинг четига олиб боринглар", дейилади. Бу одамни дўзахнинг четига олиб боришади. Ўзи хиёнат қилган омонат унга берилган кунидаги ҳолида кўринади. Бу одам омонатни танийди. Уни олмоқчи бўлиб изидан (дўзахга) тушади. Уни елкасига кўтариб юқорига чиқа бошлайди. Энди чиқдим, деганида елкасидаги омонат сирғалиб тушиб кетади. Бу ҳол абадул абад давом этади. "Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна: "Намоз омонатдир, таҳорат омонатдир, тарози тортиш омонатдир, ўлчаш оманатдир", деб бир қанча нарсаларни санадилар. Уларнинг ичида энг ашаддийси омонатга қўйилган мол-мулклар эди. Ушбу гапларни эшитган Зазон исмли киши айтадилар-ки: "Мен Барро ибн Озибнинг ҳузурига бориб: "Ибн Масъуднинг айтганларига нима дейсан?" дедим. У бўлса: "Жуда тўғри айтибди. Аллоҳ Таолонинг: "Албатта Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига адо қилишни амр этади", деган оятни эшитмаганмисан, деди".
Маълумки, Аллоҳнинг йўлида қатл этилган одам шаҳиди аъло, яъни жаннатдаги энг олий мақомларга эришадиган бандалардандир. Унинг бу дунёда қилган гуноҳлари кечирилади. Аммо омонатга хиёнат қилиш шу даражада ёмон маънавий жиноятдирки, у шаҳиди аълони ҳам хижолатга қўяр экан. Аллоҳ Ўзи сақласин!
Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (.а.в): "Аллоҳ Таоло қиёмат куни аввалгилару охиргиларни жамлаганда ҳар бир (аҳдини бузган) алдамчига байроқ тикилади ва мана бу фалончи ўғли пистончининг алдамчилиги деб айтилади", деб марҳамат қилганлар.
Бу дунёда ҳам баъзи жиноятчиларни одамлар тўпланадиган жойга боғлаб, бўйнига жиноятчилиги ҳақида ёзув осиб қўйилса, бу қаттиқ жазо ҳисобланади. Кўпчилик бундан кўра ўлимни ёки ҳар қандай оғир тан жазосини устун кўради. Қиёмат кунида ҳам маънавий жиноятлар учун жазолар белгилангандир. Яна қандай жазолар денг: Аллоҳ инсонни яратгандан тортиб то қиёмат кунигача бўлган халойиқнинг олдида шарманда бўлишликдан ортиқ ҳам жазо борми?
Хиёнаткорлик, ваъдабозлик ва алдамчилик каби гуноҳлардан якка шахсларга, уруғ-қабилаларга, жамоаларга ва ундан кейин бутун халққа ва муқаддас ҳисобланган динга етадиган зарарлар, бу гуноҳлар учун қиёмат куни бериладиган азоб-уқубатлар ва шармандаликлар ҳақида гапириб ўтдик.
Лекин бу маънавий жиноятларнинг ёмон оқибатлари ушбулар билан чегараланиб қолмайди. Балки бу дунёда бошқа бало офатларга ҳам сабаб бўлади. Улар элу юртнинг бошига турли мусибатлар солади.
Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022