РАМАЗОН – МЕҲР-ОҚИБАТ ОЙИ..

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саҳовату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди.
Ушбу ойда ҳар бир мўмин-мусулмон киши ибодатларини имкон қадар кўпайтириб, савобли ишларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилиши зарур. Жумладан хайру-эҳсонни кўпайтириб шаҳар ва қилшоқлардаги, маҳалла-куйдаги муҳтож кишиларга ёрдам бериш энг савобли ишлардан ҳисобланади.
Бошқаларга қилинган хайр-саховатнинг ажри қандай ҳам улуғ. Хусусан хайр, саховат ойи бўлмиш рамазон ойида бўлсачи? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.
Қуръони каримда хайр-саховат фазилати борасида жуда кўп оятлар мавжуд. Ушбу рамазон ойини ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ хайр-саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор.
Бундан ташқари қилинган садақалар касалликка шифо бўлиши ҳадисларда ворид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деб айтганлар. Ҳақиқатдан ҳам, сиз кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз, у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Амалларнинг энг яхшиси - мўмин биродаринг қалбига хурсандчилик киргизиш ёки унинг қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир”. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар билан зийнатлайлик. Зеро, бу ой бизлар учун меҳмон, меҳмонни эса қадрламоқ олий фазилатдир.
Ҳа, азизлар! Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ой. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишар эдики, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея Яратганга илтижолар қилардилар. Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун заҳира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида “Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея тинмай дуода бўлардилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бу муборак ойнинг файзу баракотидан насибадор қилсин!
Юнусхон УМАРОВ,
Косонсой тумани “Садпири Комил” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022