Қоронғи режим
Image
Logo

ФОТИҲАДАН КЕЙИН ОМИН АЙТИШНИНГ ҲУКМИ

ФОТИҲАДАН КЕЙИН ОМИН АЙТИШНИНГ  ҲУКМИ

Барча  мужтаҳид  уламоларимизнинг  наздида фотиҳа сурасидан  кейин “Омин” лафзини айтиш суннат ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Қачон имом: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоолийн”, деса: “Аамийн”, денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” ,дедилар”. (Имом Бухорий ривоятлари)

Ҳанафий  ва моликий мазҳабида намозхон “омин” ни овоз чиқармай ўзи эшитадиган даражада айтади. Бунинг ҳукми барча фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

“Намоз ўқигувчи “Фотиҳа” сурасини қироат қилиш дан фориғ бўлса, “Омин” дейди. “Омин” дейишдаги суннат махфий қилмоқликдир.

 Ҳанафий ва  Моликий мазҳабида “Омин” лафзи овоз чиқармай айтилади.  Бунга қуйдагиларни далил бўлади:  

1-чидан “Омин” лафзи дуодир. Унинг  маъноси ижобат қил, дуони қабул қил, деганидир. Шундай экан , қандай дуо қилишни Аллоҳ таоло қурьони каримда шундай марҳамат қилади:  Яьне: “Роббингизга  зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аьроф сураси, 55 оят).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дейдилар: “Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади” (Имом Абу Шайх ривояти).

Муҳаддис Ибн Хиббон ўзларининг “Саҳиҳ” ларида марфуъ холда шундай ривоят қилган:  “Дуонинг яхшиси - махфийсидир” дейилган. Демак, Фотиҳадан сўнг “Омин” ни  ичимизда айтсак, юқоридаги оят ва ҳадисга амал қилган бўламиз.

2-чидан Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар, “(намоз ичидаги) Бисмиллаҳир роҳманирроҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” дейилган.

Пайғамбар алайҳиссалом билан доимо бирга юрган ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳумо каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг “омин” ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бизнинг диёр Ҳанафийлар диёри бўлгани учун ҳам, шу мазҳабга амал қилишимиз  афзал хисобланади. Шунда мусулмонлар  орасида фитна ва муросасизлик пайдо  бўлмайди. Аллоҳ таоло барчалармизни доимо туғри йўлда собитқадам қилсин.

Юнусхон  Умаров,
Косонсой тумани “Садпири комил” жоме
масжиди имом хатиби
.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг