
ШУКР ҚИЛИНГ АЛБАТТА ЗИЁДАЛИК БОР.
Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид дин” асарида бир ибратли ҳикояни келтиради. Бир камбағал киши донишмандлардан бирига фақирлигидан шикоят қилади. Арзини тинглаган донишманд: “Икки кўзинг кўр бўлиб қолади, лекин ўн минг дирҳамга эришасан. Шуни хоҳлармидинг?” деб сўрайди. Камбағал: “Йўқ! Асло!” деб жавоб беради. “Тилдан қолсанг-у, лекин ўн минг дирҳамга эга бўлсанг, севинармидинг?” деб давом этади донишманд. Камбағал яна ўша жавобини такрорлайди. Шунда донишманд дейди: “Яратган инъом этган эллик минг дирҳамдан қадрлироқ неъматларга эга бўлиб туриб нолигани уялмайсанми?”
Дарҳақиқат, одам ўзидаги кўп нарсаларнинг қадрига етмайди, улар неъмат эканини билмайди. Бошқалардаги нарсаларни кўриб, баъзида ҳасад ҳам қилади. Бу ҳол бор неъматларнинг кўтарилишига, касб-кордан, хонадондан барака кетишига ва бошқа офат-балоларга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизни бундай огоҳлантиради:
“Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).
Неъматларга шукр қилиш, аввало, Неъмат берувчини яхши кўриш, унга итоат қилиш, ҳар бир неъмат Унинг эҳсони ва фазли эканига қатъий ишониш, шу неъматлар учун тили билан шукр айтиш, неъматни қадрига етиш, у неъматни Аллоҳ рози бўлган йўлда ишлатиш билан амалга ошади. Ким неъматларни Аллоҳ рози бўладиган ишларга ишлатса, уларни ўз зиммасидаги фарзлар ва бурчларни адо этиш учун сарфласа, ўша неъматларнинг шукрини адо қилган бўлади. Аксинча, агар уларни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишларга, гуноҳу маъсиятларга сарфласа, куфрони неъмат қилган, яъни ношукрлик қилган бўлади.
Саъдий Шерозий дейдилар: Бутун умр ишларим истаганимдек кечмаётганидан, дунёнинг бевафолигидан ва замонанинг ғаддорлигидан шикоят қилмадим. Фақат бир мартагина оёғимда пойабзалим йўқлигидан ва пойабзал олишга пулим етмаслигидан умидсиз бўлиб, Куфа жомеъ масжидига кирдим. Юрагим сиқиларди. нега ҳамманинг оёқ кийими бору менинг оёқ кийимим йўқ деб хафа бўлдим. Лекин, у ерда бир оёқсиз одамни кўриб, Роббимга шукроналар айтдим ва пойабзалсиз бўлсамда, оёғим борлиги учун шукр қилишга қарор қилдим.
Аллоҳ барчамизни берган неъматларига шукр қилгувчи шокир бандаларидан қилсин.Юртимизнинг тинч, ҳаётимизни фаровон, истиқлолимизнинг давомий айласин!
Муҳибулллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022