МУЛКЧИЛИК ҲАҚҚИ

Ҳар бир шахс ёлғиз ҳолида ёки бошқалар билан шерик бўлган ҳолида мулк орттириш ҳақига эга. Ҳеч кимни ўз мулкидан зўрлик ила жудо қилиш жоиз эмас.
Замонамизнинг халқаро инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳужжатларида инсоннинг мулкчилик ҳаққи ушбу қисқа иборалар билан ифода этилган. Аммо, мазкур қисқа иборалар ортида улкан ҳақиқатлар, шомил ва комил қонун қоидалар, энг муҳими адолатли ва кучли ғоя ётмаса, инсоннинг мулкчилик ҳаққи поймол бўлиши жуда ҳам осон эканини тажрибада кўриб турибмиз.
Инсон ҳаётини Kомил ва тўла равишда қамраб олган Ислом таълимотлари мулкчилик ҳаққига алоҳида эътибор берган. Исломда ҳар бир инсонга мулкчилик ҳаққи берилган ва бу ҳақ ҳақиқат эканлигига эътироф этилгандир. Шу билан бирга ҳалол мулкка эга бўлиш йўллари очиқ-ойдин кўрсатиб берилган ва мулкни, мулкчилик ҳаққини ҳимоя қилувчи қонун-қоидалар ҳам ишга солинган. Ушбу ишларнинг ортида эса илоҳий таълимот ила йўғирилган Исломий ғоялар ётади. Ислом таълимотлари инсоннинг фақат руҳи эмас, жисмига ҳам, фақат маънавий ҳаёти эмас моддий ҳаётига ҳам баробар эътибор беради. Инсон боласи биров ўргатмаса ҳам, туғма равишда бир нарсага молик бўлиш истагига эга эканлигини илмуннафс-писихология олимлари яхши билишади. Инсон табиатида ушбу майл борми, демак уни қондириш керак. Уни бу майлга эришишдан ман қилиш зулм бўлади. Лекин, ўша майлни қондириш, уни яратган Холиқ кўрсатган ҳалол-пок йўл билан бўлмоғи лозим. Аллоҳ таоло «Ол-и Имрон» сурасида: «Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир»-дейди. (14 оят)
Ушбу оятда одамларга тўп-тўп тилло-кумуш бойликлар, гўзал от-маркаблар, чорва ва зироат бойликларни зийнатлаб қўйилгани таъкидланмоқда. Одамларга бу нарсаларни зийнатлаб қўйган зот Аллоҳдир. Яъни, Аллоҳ таоло одамларни мазкур нарсаларга табиий майл-муҳаббатли қилиб яратгандир. Шунга биноан, дунёдаги ҳар бир инсон мулкчилик ҳаққига эгадир. Унинг бу ҳаққини ҳеч ким поймол қила олмайди.
Аммо, аввал айтиб ўтганимиздек, ҳар бир инсон ўзига берилган мулкчилик ҳаққидан тўғри фойдаланиши зарур. Менинг мулкчилик ҳаққим бор, деб ўзгаларни ҳаққига тажовуз қилмаслиги керак. Ислом ҳалол йўл билан молу-мулк орттиришнинг бир қанча турларини тарғиб қилган:
1-Ўз кучи ва меҳнати эвазига ҳақ олиш билан мол топиш. Бу молу-мулк топишнинг энг кўп тарқалган услубидир. Бу шаклда топилган бойлиги ҳалол-пок ва муҳтарам нарса ҳисобланади. Унда инсон ўзи бажарган ишига яраша иш берувчилардан ҳақ олади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ҳеч ким ўз қўл кучи билан топган таомдан кўра яхшироқ таом емаган»-деганлар.
Бу билан одамларни ўз меҳнати билан ризқу-рўзини топиб ейишга, бировнинг ҳақига кўз олайтирмасликка ва бошқаларга боқиманда бўлмасликка тарғиб қилинган.
2-Тижорат йўли билан молу-мулк топиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида: «Аллоҳ савдони ҳалол қилди ва рибони ҳаром қилди»-деган. (175 оят)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, «Қайси касб афзал?»-деб сўралганда: «Кишининг қўли билан қилган иши ва ҳар бир ҳалол-яхши савдо»-деганлар.
Яхши савдо, деганлари ҳаром хариж аралашмаган, бировнинг ҳаққига хиёнат бўлмаган, ҳалол-пок савдо деганларидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан тижорат билан машғул бўлган ва кўпчилик саҳобалар ҳам бу ишни қилганлар.
3-Турли саноат ва ҳунармандчилик йўли билан молу-мулк топиш. Бу ҳақдаги барча шаръий далил ва ҳужжатларни ўрганиб чиққан мусулмон уламолар бу соҳани фарзи кифоя, деб эълон қилганлар.
Бошқача қилиб айтганда, мусулмонларга ҳар бир саноат ва ҳунар бўйича ўз ҳожатларини қоплайдиган кишиларни тайёрлаб олиш фарздир. Агар буни қилмасалар гуноҳкор бўладилар. Ислом шариатида ҳар бир саноатни ва ҳунарни яхшилаб адо этишга тарғиб қилинган.
Имом Абу Яъло ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ сиздан бирортангиз бир иш қилса, уни яхшилаб адо этишини яхши кўради»-дейдилар. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда эса: «Албатта Аллоҳ ҳунарманд бандани яхши кўради ва бекорчи бандани хуш кўрмайди»-деганлар.
4-Бошқалар билан биргаликда турли ширкатлар тузиш йўли билан молу-мулк орттириш.
Ислом шариати нуқтаи назарида ширкатлар иқтисодий ривожнинг энг муҳим асосларидан ҳисобланади. Чунки, уларда шериклик асосида кишилар ўз фикрлари, ишлари, сармоялари ила кўпчилик билан, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб иқтисодий фаолият олиб борадилар. Шунинг учун ҳам улардан кўп фойда келади. Лекин бу ишда ҳам ҳалоллик керак, хиёнат бўлмаслиги лозим.
Ҳадиси қудусийлардан бирида Аллоҳ таоло: «Модомики икки шерикнинг бири ўз соҳибига хиёнат қилмаса мен уларнинг учинчисиман», деган. Бу, бир-бирига хиёнат қилмай, омонат билан иш олиб борган ширкат аъзолари ила Аллоҳ ўз ёрдами билан бирга бўлади, деганидир.
5-Кўпчилик учун мубоҳ бўлган эгасиз ерларни ўзлаштириш, ҳайвонларни овлаш, бошқа табиий бойликларни ўзлаштириш йўли билан бойлик орттириш.
Мазкур нарсалар одатда ҳеч бир томон эгалик қилмаган, ким ўз меҳнати билан ўзлаштириб олса ўз мулки бўлиб қоладиган нарсалардир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўлик ерни тирилтириб олса, у ўшаникидир»-деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким мубоҳ нарсага олдин эга чиқса, у ўшанинг ҳаққидир» - деганлар. Молу мулк отдиришнинг мазкур йўллари Ислом шариатида қонунлаштирилган ҳалол касб ила молу-мулк топиш, бойлик орттиришнинг баъзи йўлларидир. Бу йўллар-тўғри ва ҳалол-пок йўллардир. Уларда бировга заррача зулм қилиш ёки бировнинг ҳақига заррача тажовуз қилиш йўқдир. Балки, бу йўллар молу-дунё топишнинг энг шарафли ва энг муҳтарам йўлларидир. Уларда ўз кучини, меҳнатини, зеҳн-закавотини ишга солиш бордир. Ислом кишиларга тўлиқ мулкчилик ҳаққини берар экан, улардан ўша мулкни фақатгина ҳалол-пок йўл билан топишни ҳам талаб қилади. Шундоқ қилиб, Исломда мулкчилик ҳаққи яхши йўлга қўйилган, яхши ҳимоя қилинган. Исломда молу-мулк фақат ҳалол йўл билан топилади. Исломда кишиларнинг мол-мулк ҳақлари тўла ҳимоя қилинади
Абдумалик Казакбаев,
Уйчи тумани «Қамбарбойвачча» жоме
масжиди имом ноиби
манбаалар асосида тайёрлади
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022