АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР...?

“Аҳли сунна вал жамоа” атамаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида тарқамаган. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам гарчи бу атамани бўлак-бўлак шаклда зикр қилган бўлсаларда, лекин бу атамани айнан шу шаклда жамлаб зикр қилмаганлар.
Саҳобалар замонида эса биринчи бор бу атамани Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тилга олганлар. Жумладан,:
قال عبد الله بن عباس رضي الله عنهما في قوله تعالى: ﴿ يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ﴾ : ”حين تَبيَضُّ وُجوه أهلِ السنة والجماعة، وتَسوَد وجوه أهل البدعة والفُرقة .[1]“
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг “Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда” (Оли Имрон сураси, 106) ояти борасида “Аҳли сунна вал жамоанинг юзлари оқарадиган, бидъат ва фирқа аҳлларининг юзлари қораядиган кунда”, дея тафсир қилганлар.
Яна ушбу атамани жамлаб зикр қилганлардан Қатода ва Саид ибн Жубайр бўладилар. Улар Аллоҳ таолонинг:
﴿ وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِمَنْ تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى﴾
“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман” (Тоҳа сураси, 82) оятини “суннат ва жамоатни лозим тутганларни” деб шарҳлаганлар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу истилоҳни айнан шу кўринишда айтмаганлар. Лекин унинг икки жузидан ҳар бирига алоҳида-алоҳида кўплаб ҳадислар айтганлар.
“Аҳли сунна вал жамоа” атамасининг маъноси “Суннат ва жамоат аҳли” деганидир. Суннат ва жамоат аҳли деганда қуйидаги зотлар тушунилади:
- Улар пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари ва уларга яхшилик йўлида эргашган тобеинлар ҳамда бу зотларнинг манҳажини лозим тутган, уларга иқтидо қилган, уларнинг изларидан бориб йўлларига эргашган Қиёматга қадар келадиган мўминлар.
“Аҳли сунна вал жамоа атамаси” аввалги фазилатли уч асрнинг аввалида бу атама машҳур кўринишда оммалашмаган бўлсада, лекин унинг асоси бор бўлган. Ундан кейинги даврларда, айниқса, ҳозирги вақтда бу атамага бўлган эътибор анчагина кучайган. Жуда кўплаб тоифалар ўзларини аҳли сунна вал жамоа, бошқаларни эса аҳли сунна вал жамоадан бошқа фирқа дея даъво қиладилар. Бу борада кўпгина асарлар битганлар, илмий изланишлар қилганлар, турли мажлис ва кенгашлар ташкил этганлар.
Бундай даъвога эътибор қаратишларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз умматларини бир неча тоифага бўлиниб, улардан фақатгина бир тоифасигина нажот топиши борасида айтган ҳадислари бўлса ажабмас. Ҳамма фирқалар ўзларини ана шу нажот топувчи тоифа эканликларини даъво қилиши турган гап. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз умматларини етмиш уч фирқага бўлиниб кетишини очиқ-ойдин айтганлар. Келинг, ана шу ҳадисларнинг баъзи бирларини зикр қилиб ўтайлик.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
ليأتينَّ على أمَّتي ما أتى على بني إسرائيل حَذوَ النَّعلِ بالنَّعلِ ، حتَّى إن كانَ مِنهم من أتى أُمَّهُ علانيَةً لَكانَ في أمَّتي من يصنعُ ذلِكَ ، وإنَّ بَني إسرائيل تفرَّقت على ثِنتينِ وسبعينَ ملَّةً ، وتفترقُ أمَّتي على ثلاثٍ وسبعينَ ملَّةً ، كلُّهم في النَّارِ إلَّا ملَّةً واحِدةً ، قالوا : مَن هيَ يا رسولَ اللَّهِ ؟ قالَ : ما أَنا علَيهِ وأَصحابي
“Албатта, умматимга бир оёқ кийим бошқасига эргашдандай Яҳудийларга келган кун келадики, ҳатто, Яҳудийлардан бири ўз онасига ошкора тарзда яқинлик қилса, умматим ичида ана шундай қиладиган киши топилади. Бани-Исроил етмиш икки фирқага бўлиндилар. Умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси дўзаҳдадир. Фақатгина бир тоифаси дўзаҳда эмас”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг росули! У қайси тоифа”, дедилар. Росулуллоҳ: “Мен ва саҳобаларим йўлида бўлган тоифа”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. У зот:
ألا إن من قبلكم من أهل الكتاب افترقوا على ثنتين وسبعين ملة ، وإن هذه الملة ستفترق على ثلاث وسبعين : ثنتان وسبعون في النار وواحدة في الجنة ، وهي الجماعة
“Огоҳ бўлинглар! Сизлардан аввалги аҳли китоблар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Бу уммат эса етмиш уч фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда, Фақатгина биттаси Жаннатда. У – жамоатдир”, дедилар (Абу Довуд ривоятлари).
Мазкур ҳадисларга ўхшаш маънода Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳадислар ҳам ворид бўлган.
Юқорида зикри келган ҳадислар мазмунига эътибор қаратсак, нажот топувчи тоифа Набий алайҳиссалом ва саҳобалар суннатини ҳамда жамоатни лозим тутиш сифатларига эга бўлиши даркорлигини англаб олишимиз мумкин. Ана шу сифатларни ўзида жамлаган тоифага суннат ва жамоат аҳли деган исмни ишлатиш мувофиқ бўлади. Суннат ва жамоат аҳли лафзи эса биз баҳс юритаётган “аҳли сунна вал жамоа” атамасига айнан мос келади. Демак, нажот топувчи тоифа “Аҳли сунна вал жамоа” эканлигига юқорида келтирилган ва шу мазмундаги бошқа ҳадислар далолат қилади.
Шуни яхши билиб олиш керакки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган, ҳақ дин – исломдан оғишмаган, соф эътиқодни маҳкам тутган тоифа ҳеч қачон омма ичидан ажраб алоҳида гуруҳ шакллантириб олмаган. Росулуллоҳдан саҳобалар, улардан тобеинлар, тобеинлардан табаъа тобеинлар, табаъа тобеинлардан кейинги авлод вакиллари дин манҳажини тўлиқ олишган. Уларнинг оммаси доимо иттифоқда бўлишган. Баъзи бир масалада ғулувга кетган, таассубга шўнғиган, қайсарлик қилган, динни ўз мафкурасига мослаштирмоқчи бўлган кишилар ўз даври мусулмонлар оммасига қарши юришган. Улар омма (жамоа)дан ажраб ўз йўналишларига асос солишган. Ўз йўналишларида янги гуруҳлар тузишган ва ўзларини ҳақ дея аташган. Шундай кишилардан ташкил топган гуруҳлар сони замон ўтган сайин кўпайиб борган. Лекин бу гуруҳлар ҳеч қачон мусулмонлар оммаси (катта қисмини) ташкил этмаган. Ғулувга кетган масалалалари туфайли ўзларига баъзи номларни тамғалаб олганлар, холос. Бундай янги ажралиб чиққан тоифа адашган фирқа эканлигини ўша давр уламолари очиқ-ойдин айтишган ва оммани илмий асослар билан огоҳлантиришган.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ аҳли сунна кимлар эканлиги борасида сўралганида: “жаҳмий, қадарий, рофизий каби бирор лақаб орқали танилмаган мусулмонлардир”, деганлар. Яна суннат ҳақида сўралганида: “суннатдан бошқа номи бўлмаган нарса” дея Аллоҳ таолонинг Анъом сураси 153-ояти “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан адаштириб қўярлар” ни тиловат қилганлар.
Аҳли сунна вал жамоа бирор партия ёки фирқа ёки тоифа эмас, балки, ислом умматининг оммаси, аксар кўпчилик қисмини ташкил этувчи мусулмонлардир. Улар аввалги фазилатли уч аср мусулмонлари бўлган саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлар ҳамда уларнинг йўлларини тутган уламолар ва бошқа мусулмонлардир. Улар инсонлар фирқаларга бўлиниб кетганда ҳам ҳақ динда собит қолган ва набавий манҳажни ушлаган зотлардир.
Аҳли сунна деганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини билиб маҳкам тутган ва унинг тақозосига амал қилган мусулмонлар тушунилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг суннатимни ва рошид халифаларимнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг”, деганлар (Абу Довуд ва Термизий ва бошқалар ривояти).
Жамоат деганда бир неча маъноларни тушуниш мумкин:
- Ҳақ устида жамланиш ва фирқаланмаслик;
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоат раҳмат, фирқаланиш эса азобдир”, бошқа ривоятда: “Ўзингизга жамоатни лозим тутинг, фирқаланишдан сақланинг. Чунки шайтон якка қолган билан биргадир”, деганлар (иккиси имом Аҳмад ривояти).
Яна бир ривоятда: “Ким жамоатдан бир қарич ажраб вафот топса, ўлими жоҳилият ўлими бўлади” (Имом Муслим ривояти).
- Мусулмонлар жамоаси ва саводул аъзам (улкан жамоа);
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ихтилофни кўрсангиз, саводул аъзам (катта қора жамоа)ни ўзингизга лозим тутинг”(Ибн Можа ва бошқалар), яна бир ривоятда: “Саводул аъзамга эргашинглар. Чунки ким тарқоқ бўлса, дўзаҳда ҳам тарқоқ бўлади” (Ҳоким ривояти).
Қуръон ва суннатга эргашган, Росулуллоҳ ҳамда саҳобалардан ворид бўлган ривоятлар орқали салафи солиҳлар йўлини тутган, бошқа тоифаларга ўхшаб динга янги бидъатларни жорий қилмаган, динни ўзгартирмасдан кейинги авлодга етказиб берган, Набий алайҳиссалом нажот топувчи фирқа бу саводул аъзам (улкан жамоа) деб васфлаган сифтларини ўзида жамлаган Аҳли сунна вал жамоа бу Ашъарий ва Мотуридий ақийдавий мазҳаби эканлигини умматнинг энг кўзга кўринган уламолари айтиб ўтишган. Улар умматнинг мутлақ катта қисмини ташкил қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматим залолат устида жамланмайди”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Бу икки мазҳаб соҳиблари алоҳида жамоатдан ажраб чиқишмаган, алоҳида мазҳаб ҳам тузишмаган, балки, салафи-солиҳлар ақийдасини жамлаб тасниф қилишган. Замонасида пайдо бўлган адашган ва бидъатчи тоифаларга илмий раддиялар беришган. Шуни яхши англаб олиш керакки, салафи-солиҳлардаги илмий меросни, дин манҳажини кейинги авлодга етказиб берган уламолар Ашъарий ёки Мотуридий бўлишган. Агар Ашъраий ва Мотуридийни адашганга чиқарилса, унда бизгача етиб келган ислом шариати илмларини ҳам эътиборга олмаслик керак. Бу эса айни залолатдир. Чунки Аллоҳ таоло бу динни Қиёматга қадар амал қилишини кафолатига олган.
Аллоҳ таоло Ўз йўлидан адаштирмасин. Нажот топувчи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида ҳаёт кечиришни насиб айласин.
Аъзамхон Саминов.
“Ҳидоя” билим юрти мударриси
[1] Ибн Касир (2/79)
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022