Қоронғи режим
Image
Logo

Алишер Навоий ақида бобида асар битганми?

Алишер Навоий ақида бобида асар битганми?

Эътиқод масалалари ёритилган қадимий китоблар орасида  эски ўзбек тилида яъни, туркий тилдаги фақат Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳнинг “Саботул-Ожизин” китоблари маълум ва машҳур бўлиб, доимий равишда ўқиб келинган. Лекин ота-боболаримиздан мерос қолган  китоблар орасида буюк ўзбек шоири мутафаккир аллома Алишер Навоий ҳазратларига тегишли дейилган китоб ҳам борки, уни ҳам ўқиб ўрганиб тадқиқот олиб бориш бугунги куннинг долзарб масаласи десак хато бўлмайди. Ушбу муъжаз китобчанинг биринчи бетида китоб Алишер Навоий ҳазратларига тегишли эканлиги ёзиб қўйилгани кишининг эътиборини тортади.  Шу сабабли буни  илм аҳлларига тақдим қилиб, ҳақиқатни англаш мақсадида баъзи қисмларини расми билан бир мақолада бўлишмоқчи бўлдим. Юқоридаги расмда шундай сўзлар ёзилган.

Ҳазрати Халлоқи замину замон ва розиқи инсу жон фазли беғояти билан аблағил булағо, афсаҳил фусаҳо, шуъарои туркий забонларнинг устоди ва муқтадоси Амир низомил миллат ва ваддин Алишер ал-мутахаллис бин Навоий қуддуса сирруҳунинг зубдаи таснифотидин ва умдаи таълифотидинким, масоили эътиқодот алфози ва иборот жавоҳирларин назм риштасиға тизибдурлар, жамийъи аҳл бидъат ва залолатлар эътиқоди фосидаларин далолиллар илан рад айлаб юракларин эзибдурлар бу нусха маъданиш-шавоҳид ва рисолаи пур фавоидға ном “Назми ақоид”дур. Шоядки оммаи муслиминларни бу китоб мушкин хитоб қироати сабаби била эътиқодлари истеҳком топиб авҳом ва шубҳалари дилларидин кўтарилгой. Ва хавос расо табълар кўнгуллариға маол бокамолиндан фараҳ ва инбисот ҳосил ўлгой деб фақир Муҳаммад Юсуф ҳафизаҳуллоҳу таъоло ан мужиботи-атталаҳҳуфи ват-таассуфи табъ ва нашриға эҳтимом том ва саъйи молокалом айлаб, Бухорои шарифда зиюур табъ ила оросита ва пиросита ўлди.

Яъни,  замину замонни яратган, инсону жиннинг ризқини бериб тургувчи Аллоҳнинг чексиз фазли инояти билан (бу китоб) балоғат аҳлларининг балоғатлироғи, фасоҳат аҳлларининг фасоҳатлироғи, туркий забон шоирларнинг устози, бошчиси, миллат ва диннинг низоми Навоий номи билан тахаллус олган Алишер (Аллоҳ сиррларини муқаддас қилсин)нинг тўплаган асарларининг қаймоғи, битган китобларининг асосидандир. Унда эътиқод масалаларининг жавоҳирдек лафз ва иборалари назм ипига тизилди. Барча бидъат ва залолат аҳлининг бузуқ эътиқодларини далиллар билан инкор қилиб юракларини эздилар. Бу далиллар маъдани ва серфойда рисолага “Назми ақоид” (шеърий ақоид  ёки ақоид низоми) деб ном берилди.

Шоядки, мусулмонлар оммасининг бу гўзал хитоб қилгувчи китобни ўқиш сабаби билан эътиқодлари мустаҳкам бўлиб, гумон ва шубҳалари дилларидан кўтарилса. Табъи расо хосларда эса, китобнинг мукаммал далилларидан хурсандчилик ва равшанлик ҳосил бўлса, деб камина фақир Муҳаммад Юсуф, (уни хато қилиш ва афсусланишни келтирадиган нарсалардан  Аллоҳ асрасин) китобни нашр қилишга ҳиммат ва ҳаракат қилдим ва Бухорои шарифда чиройли матбаа билан тайёрлаб нашр қилинди.

Бу китобда 71 бетлик қилиб битилган бўлиб, 107 шеърий изоҳ ва хотимадан иборат. Китоб муаллифи барча аввалги алломалар одатига кўра кириш қисмида Аллоҳга ҳамда сано айтиш ва унинг сифатларини ниҳоятда содда ва пухта ўхшатишлар келтириш билан бошлаган. Банда доимо ибодат қилиши лозимлиги, Аллоҳ инсон ва жинларни яратишдан мақсади ибодат эканлигини баён қилинган қисмлар келтирилади. Ортидан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга наът  келтирилади. Шундан кейин “Назми ақоид” китобининг ёзилиш сабабини баён қилинади.

Сабаби назми ақоид

Бир куни келтурди манга илтижо                    Назми ақойидға неча ошно

Турки иборат била тобсун баён                        Маънилари борчаға бўлсун айон

Турки кишилар ҳам ани англасун              Англамай ҳеч киши киши қолмасун

Фоида бўлсун халойиқға том                           Баҳравар ўлсин ҳама хосу ом

Яъни, бир куни бир нечта дўстим менга ақида илмини туркий тил билан ёзиб берсангиз, биз оми халқ ҳам ақоид илмидан баҳраманд бўлсак, деб илтимос қилишди.

Тушди ўшал дам манга ночорлиқ                   Назми қилурға басе душворлиқ

Назми ақоид киму мен кимдуман                  Шерға бўлғойму бориб панжа зан

Муаллиф ҳазратлари камтаринлик ила ақоид илми ниҳоятда улуғ илм бўлса, мен унга қандай қўл ураман деган истиҳола тушдим, дейдилар.

Кимду ақойидни айон айлагой                          Турки иборатда баён айлагой

Назми либоси бирла бергой тароз                  Қилғой улус манзарида жилвасоз

Туркий иборат билан ақоидни ким ҳам бита оларди, яна унга назм билан қандай жилва бериш мумкин, бунга имконим етармикин, деган ўйга толдим. Лекин дўстлар илтижосига ноилож лаббай деб:

Водийи гуфторга қўйдум қадам                       Сафҳаи ашъорга сурдум рақам

Маъни ғайби сув киби қилди рез                     Бўлди сўзум баҳр каби мавжхез

Хат киби машҳур отим ўчмасун               Мен бу жаҳондин кўчуб ул кўчмасун

 Яъни, сўз водийсига қадам қўйдим, саҳифага  шеърий сўзлар бита бошладим. Ўзим билмаган нарсалар ҳам аён бўлиб, ғайб маъниси сувдек қуюлди, сўзлар денгиз каби мавж ура бошлади. Ушбу битилаётган хат – китоб каби машҳур номим ўчмасин, мен жаҳондан ўтиб кетсам, ҳам бу китоб жаҳонда қолсин.

Сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу:”Умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, ҳаммаси дўзахда фақат биттаси нажот топгувчидир, улар аҳли суннат вал жамоатдир”, ҳадисларини келтириб унга гўзал бир  шеърий шарҳ келтирилади.

Китобнинг  13-бетидан Абу Муъин Насафийнинг ақида китоблари матнига шеърий изоҳ беришга киришадилар.

«Аҳли ҳақ» деб аталувчи  «Аҳли Сунна вал-Жамоа»  уламолари шундай демишлар: Барча мавжуд нарсалар ҳақиқатан воқелик ва моҳиятга эгадир ва уларни билиб олиш ва идрок этиш мумкиндир.  

Деди бу ранг чин дегувчи аҳли ҳақ             Берди ҳидоят учун элга сабақ

Собит эрур борча ҳақиқатлари                    Ким ул ила жилва қилур ҳар бири

Бўлмайин ул жилва қачон қилғувси            Борлик асосида нечук бўлғувси

Ҳеч ҳақиқатсиз эмас ҳеч нима                     Анинг илак бир нимадур бир нима

Китобда Худони, борлиқни нотўғри талқин қилувчи,  инкор қилувчи файласуфларга, қуръони каримни махлуқ дегувчи мўътазилаларга ва бошқа қатор фирқаларга матнга мос раддия бериб борилган. Унда ўша қадимги  ва ҳозирги замонавий адашган тоифаларга ақлий ва нақлий далиллар ўз ўрнида инкор қила олмайдиган даражада келтирилган. Масалан, ушбу китобда замонавий адашган тоифалардан  ҳизбут-таҳрир тоифасининг халифаликни тиклаш керак, халифасиз яшаш мумкин эмас, деган даъволарига мукаммал жавоб бўладиган  маълумотлар ҳам  бериб ўтилган.

Халифалик — ўттиз йилдир. Ундан сўнг эса подшоҳлик ва амирлик даври келур. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: Мендан кейин халифалик ўттиз йил сўнгра, подшоҳлик бўлади, деган ҳадисларига биноан.

Даври хилофат эди ўттиз йил

Келгуси ўтуз йил ўтуб шоҳлар

Қавл паямбар анга бўлмиш далил

Зулмидин эл урғусидур оҳлар

 Маълумки замонавий ақидапараст оқимларнинг деярли ҳаммаси асл мақсадларини қанчалик яширмасин, асл мақсад ҳокимиятни эгаллашдир. Улар ўзлари яшаб турган ёки бошқа бир мамлакатни давлат раҳбарига, давлат тузумига қарши чиқиб уни ағдаришга чақиришади. Бу борадаги қарашлар нотўғри эканлигини билдириш учун китобдаги ушбу  матн ва унга шарҳни келтириш мумкин.

Шоҳни гуноҳкорлиги ёки бандаларга жабру зулм қилиши сабаб уни амалидан туширилмайди. Чунки хулафои рошидинлардан кейинги халифа ва шоҳлар ўртасида гуноҳ ва зулм кенг тарқалиб кетган бўлсада, салаф солиҳлар уларга бўйсунар ва жумъа ва ҳайитларни уларнинг изни билан адо қилур эдилар.

Тахтидан ўлмас тушуриб шоҳни

Шоҳлар ўтди хулафодин кейин

Кетмади бу ишларидин оҳлиқ

Кўп эди ул вақтда асҳоби дин

Фисқ ила зулм этса неча моҳни

Зулм ила қўйди ҳаваси ишларин

Турди дағи мартабаи моҳлиқ

Қилмадилар азл ани тахтидин.

 

Шоҳни ўз қўл остидагиларга, ҳатто уларнинг яхшиларига зулм қилган бўлсада, тахтидан туширилмайди. Тўртта хулафо рошидинлардан кейин қанча шоҳлар ўтди. Улар  Пайғамбар алайҳиссаломнинг набиралари имом Ҳусайн ва авлодларини қатл қилишди, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни қозиликка кўнмаганлари учун калтаклашди, имом Шофеъийни қуръонни махлуқ дейсан, деб мажбурлашди, имом Аҳмад Ҳанбални Қуръонни махлуқ демаганлари учун калтаклаб зулм қилишди. Лекин ҳеч ким уларга қарши қурол кўтариб чиқмади, балки фитнадан узоқ бўлишга бошқаларни ҳам чорлаб келишди.

Китобнинг хотимасида муаллиф ўзига хос тарзда сўзга моҳирлик, ҳассослик билан тугаллаганлигини кўриш мумкин.

 

ХОТИМА

Шукр бу мактуб ақоид низом

Ҳар ким ўқуса анга раҳмат ёғар

Гул киби ҳусн,ой киби ахшонжамол

Элга Худони танитур бу китоб

Йўқту Худо сўзларидин ўзга сўз

Барча далоиллари қуръон эрур

Мендуман дин хасмиға шамширзан

Хайли хаворижға ғазот айладим

Бўлди накунсор бу аъдои дин

Фахр этарман бу китобим учун

Сўзлари бад мазҳаб учун шихлар

Махзанул Асрор деди Ганжавий

Туҳфатул Аҳрор деди қутб Жом

Назми ақоид деди машҳур маст

Бўлди худо фазли била тамом

Ўзигаву уйига давлат ёғар

Дини иймони бўлуб баркамол

Кўнглини гулдек ёритур бу китоб

Андин очилғувчи кўнгил бирла кўз

Фаҳм қилурга кимки сухандон эрур

Келди жаҳон ичра ду бора Ҳасан

Хуни равофизни Фурот айладим

Сури Сарофилда кўтаргой бошин

Бўлди улус зумрасиға раҳнамун

Кўзларига ўйгали гулмихлар

Матлаъил Анвор деди Деҳлавий

Ҳайратул Аброр амири киром

Ким анга тақдир эди рўзи аласт

Бу китобни ўқиган кишининг дини-имони мукаммал бўлади. Худони  тўғри таниб, кўнгил кўзи очилади. Китобдаги далиллари Қуръон оятлари бўлиб, гўёки имом Ҳасан иккинчи марта дунёга келганларидек, мен у билан дин душманларига, хаворижлар тўпига қилич урдим, рофизийларни (адашган тоифа) қонини дарё қилиб оқиздим. Дин душманлари енгилиб, энди фақат Исрофилнинг сури чалингандагина яъни, қиёматдагина бош кўтаришлари мумкин холос. Эл улусга йўлбошчи бўлган бу китобим билан фахрланаман, чунки бу китоб мазҳабсизлар кўзига сихдек кириб кўр қилди.

Бу китобни Ганжавий “Сирлар хазинаси”, Деҳлавий “Нурлар манбаи” , Жомий  “Озод эрлар туҳфаси”, Амир Ҳусайн Бойқаро эса “Яхшилар ҳайрати”деб атади. Бу мақтовлардан маст бўлган Навоий эса уни “Назми Ақоид” деб атади, чунки азалда ушбу ном тақдир қилинган эди. Ушбу сўзлар билан китоб якунланади.

Китоб охирида уни ҳуснихат билан кўчирган хаттот ўз номларини битиб қўядилар.

Аллоҳга ҳамду ва шукроналар бўлсинки, дин ва миллатнинг низоми Амир Алишер Навоий марҳумнинг “Назми Ақоид” номли улуғ манзумалари файз ва эҳсон манбаи шаъбон ойининг йигирманчи куни жумъа кунида 1325 ҳижрийда фирдавсмонанд Тошкент вилоятида Аллоҳнинг фазли карами ила чиройли хотимасига етиб тамом қилинди.

Фақир Сайид Маҳмудхон Шоший ёзди.

Албатта ушбу асарнинг бошқа нусхалари ҳам мавжуд бўлса керак. Келажакда кўпчилик мурожаат қилиб тадқиқот қилиниши осон бўлиши, замонавий фирқа ва оқимларга тегишли раддиялар бериш янада қулайроқ бўлиши учун китобни эски ўзбек ёзувидан кирилчага ўгирилмоқда.

 Адҳамжон Абдураҳманов,
Поп тумани "Кичик Хўжаобод" жоме
масжиди имом-ноиби

Алишер Навоий ақида бобида асар битганми?

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг