"ФАТВО БЕРИШГА КИМ ҲАҚЛИ?"

Ислом илм, маърифат ва инсон манфаатларини ҳимоя қилувчи диндир. Қуръон ва ҳадислар исломнинг асосий манбалари бўлиш билан бирга мусулмонлар ҳаётини ташкил этиш учун муҳим қўлланма ҳам ҳисобланади. Шундай экан, Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти ва жамият фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни кўзлаб фатво чиқариш алоҳида билим ва малакани талаб этади. Мўътабар манбаларга кўра, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган мужтаҳидларгина шундай ҳукм чиқариш ҳуқуқига эгадир. Бироқ тарих ва замонавий воқелик диндан ёвуз мақсадда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундай ҳаракатлар ислом динини ниқоб қилиб олган ҳолда амалга оширилгани ва оширилаётгани янада ачинарли ҳол, албатта.
Сўнгги йилларда экстремистик ва террорчи гуруҳлар дин ниқоби остида ўз ҳаракатларини "шаръий" деб ҳисоблаш орқали жамиятда турли хил қарама - қаршиликларни юзага келтиришга интилмоқда. Улар ўзларини "мужтаҳид" деб эълон қилган ҳолда неча асрлардан бўён мусулмонлар жамоаси эргашиб келаётган мазҳаб таълимотларига зид бўлган турли "фатволар" ни чиқармоқда. Бу эса, бир томондан инсонларни адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлса, иккинчи томондан жамиятда ўзаро тушунмовчилик, адоват кайфиятининг пайдо бўлишига замин яратмоқда.
Луғавий жиҳатдан фатво берувчи инсон "муфтий" деб аталади
Дастлаб фатво бериш мақомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам турганлар. У кишининг фатволари Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан сахобийлар ўрталаридаги сухбатлар одатда савол - жавоб тарзида бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билганларига жавоб берар, билмаганларига Аллоҳ таолодан шу саволга жавобни билдиришни сўрар эдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг саҳобийлар, улардан кейин тобеъийлар фатво берганлар. Шундай бўлса-да, фатво беришнинг масъулияти оғир эканини ҳис қилиб, саҳобийлардан Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша онамиз, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоху анхумо)лар каби саноқли кишиларгина фатво чиқарганлар. Ибн Абу Лайло айтадилар. "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг 120 та ансорларини учратдим. Уларнинг бирларидан савол сўраганимда кейингиларига ўтказар, у кишидан сўрасам у бошқаларини кўрсатар эдилар. Охири айланиб яна биринчи савол берган кишига келдим". Ушбу ҳолатда ҳам кўришимиз мумкинки, саҳобийлар фатво беришда ниҳоятда эҳтиёткор бўлганлар.
Саҳобийлардан сўнг, тобеъийлар ёки улардан кейинги даврда яшаган уламолар ҳам фатво беришдан ўзларини сақлардилар.
Жумладан, тобеъийлардан бўлган Шаъбийдан бир савол сўралганда у киши: "Билмайман", деб жавоб қилади. Шундай, одамлар: "Сен Ироқ фақиҳи бўлсанг, "билмайман" дейишга уялмайсанми?" деганда Шаъбий : "Фаришталар: "Ўзинг поксан! Бизда сен билдиргандан бошқа илм йўқ" ( Бақара, 32 ), дейишга уялмаган, мен нега уялай" - деб жавоб берган.
Фатво бериш масаласида мазҳаббошиларидан бири бўлмиш Имом Молик : "Инсон бирор саволга жавоб беришдан олдин ўзини дўзах ёки жаннатда тасаввур қилсин -да, кейин жавоб берсин", деган экан.
Бир куни у кишидан савол сўралганда : "Билмайман", - деб жавоб беради. Савол берган киши : "Бу осон савол бўлса, шуни ҳам билмайман, дейишга уялмайсанми?!" деганда Имом Молик ғазабланиб: " Осон масала?! Билиб қўй, динда осон масаланинг ўзи йўқ! Аллоҳ таолонинг : " Зеро, Биз Сизга оғир Сўзни ( Қуръонни ) туширажакмиз" ( Муззаммил, 5 ), оятини эшитмаганмисан?! Илмнинг барчаси қийин, жумладан сен сўраган нарса ҳам", - деб жавоб берганлар.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022