Қоронғи режим
Image
Logo
ИСТИҒФОР НЕЪМАТИ

ИСТИҒФОР НЕЪМАТИ

Аллоҳ таолло истиғфор айтган бандаларига мағфират ваъдасини берган

   Ожиз банда бу дунёга келиб Аллоҳ таоло насиб этганча яшаб улғайиб ўтар экан, озми кўпми гуноҳдан тўлиқ маъсум бўла олмас экан. Банданинг вазифаси иложи борича гуноҳлардан сақланмоқлик бўлса-да, баъзан билиб туриб, баъзан билмасдан гуноҳга гирифтор бўлиб қолар эканмиз. Ана шундай ҳолатда “Мен ундай гуноҳ қилиб қўйдим, бундай гуноҳ қилиб қўйдим. Энди мени Тангрим кечирармикан ё йўқми” деб тушкунликка тушмаслик керак. Зеро Қуёш мағрибдан чиқадиган             кунга қадар тавба эшиклари беркитилмагай.

   Аллоҳ таолонинг фазлу карамининг кенглигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ банда Аллоҳ таолонинг мағфиратига суяниб бира тўла ғафлатда қолиб кетмаслиги керак. Шунингдек тавбадан сўнг ўша гуноҳга қайтмасликлари лозим. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Оли Имрон сурасининг 135-оятида марҳамат қилади:

“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Чунки гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этади. Яна улар билатуриб қилмишларида давом этмайдиган кишилардир”.

   Демак гуноҳда бардавом бўлишлик қанчалик нотўғри бўлса-да, мағфиратдан умид узишлик ҳам тўғри эмас экан.

   Шунингдек тавбанинг кўпроқ қабул қилиниш вақти ҳам бор. Кечанинг охирги қисми, тонг отишидан олдинги вақт дуо ва истиғфорлар қабул қилинадиган онлар ҳисобланади.              Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, «Ҳар кеча туннинг охирги учинчи қисмида Аллоҳ таоло: “Ким дуо қилса – ижобат этаман, ким сўраса – бераман, ким истиғфор айтса – гуноҳидан кечаман», дейди”.

Ҳасан Басрийнинг олдиларига бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. У киши: “Истиғфор айт!” дедилар. Яна бир одам келиб, фақирлигидан арз қилди. Унга ҳам: “Истиғфор айт!” дедилар. Бошқа бир одам келиб, фарзанди йўқлигини айтди ва маслаҳат сўради. Унга ҳам истиғфор айтишни буюрдилар. Одамлар нега бундай қилганлари сабабини сўрашганида ушбу оятни ўқидилар:

Раббингизга истиғфор айтинг,У Ғаффордир, сизларга осмондан шаррос ёмғирлар ёғдиради, молу дунё ва зурриётлар билан сизларни қувватлантиради, сизларга боғу роғлар, дарёлар ато қилади

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни афв қилсин                                                                                                

 

Жобирхон Рашидов,
 Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад жоме  
масжиди имом хатиби 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг