Қоронғи режим
Image
Logo

ИЙМОН ИҚРОР ВА ТАСДИҚЛАШ ХАҚИДА

ИЙМОН ИҚРОР ВА ТАСДИҚЛАШ ХАҚИДА

Инсон учун энг биринчи вазифа ва бурч Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Аллоҳга иймон келтириш бўлмас экан, иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Киши ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ таоло яратганини, Ундан ўзгага сиғиниб бўлмаслигини, У комил сифатлар билан сифатланганини, айб-нуқсондан поклигини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлсагина Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлади.

Иймон” сўзи луғатда “ишонч”, “тасдиқ” маъноларини билдиради. Шариатда эса бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ иймонни таърифида “Иймон иқрор ва тасдиқдир” дейдилар. Яъни, иймон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб нутқ қилишдан иборат бўлади.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашларига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…” (Бақара сураси, 277).

Шу билан бирга Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида динда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиш имоннинг шарти ҳисобланмайди. Демак, амал қилмаган кишини ҳам гарчи амал қилмагани учун гуноҳкор бўлсада, уни мусулмон деймиз. Мана шу масала аввалдан кўп ихтилофларга сабаб бўлиб келган.

Ваҳоланки, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши модомики уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар: яъни: “Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам”

Юқорида келтириб ўтганимиздек, ҳанафия-мотуридия таълимотида иймонга лўнда ва аниқ шарт қўйилган ва бу шартлар Қуръон ва ҳадислар билан мустаҳкам далиллаб берилган. Шундай экан, шак-шубҳасиз ўзини чин дилдан мусулмон ҳисобловчи инсонни ҳеч ким кофирликда айблашга ҳаққи йўқ. Бу ерда инсоннинг тили билан айтаётган сўзлари қалби билан бир хил бўлиши лозим бўлади, албатта. Шу сабабли ҳам азал-азалдан халқимизда тил билан дил (қалб) доим бир хил мувозанатда бўлишига катта эътибор қаратиб келинган.

 

Мухриддинхон АБДУЛЛАЕВ,

Косонсой тумани “Қорасув” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг