
НОУМИД ШАЙТОН
Аллоҳнинг инояти билан иймон неъмати ила чароғон бўлган хонадон борки синовга учраши мумкин. Яъни, ушбу хонадон аъзоларидан бири гуноҳларга бепарво бўлиб, кабира ва сағира маъсиятлар ичра жавлон урган ҳолда, мўмин деган номга доғ тушириши эҳтимоли бор. Ёки, Аллоҳ асрасин, куфр ва залолат бирла умрини "бойитиши" ва ҳоказо исёнларга гирифтор бўлиши мумкин. Хўш, мазкур ҳолатда ушбу инсон билан қариндошлик ришталарини узиш тўғрими ёки ҳидоятга келишини умид қилиб, силаи раҳм маъносида яхшиликни дариғ тутмаслик керакми? Бу борада бизга энг улуғ йўлбошчи сўзсиз Қуръони каримдир. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: "Ва у(кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди" (Ҳуд, 42). Яъни, Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, ўғиллардан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб: «бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди»лар.
Суранинг кейинги оятларидан бирида эса Аллоҳ таоло шундай деди:"Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди" (Ҳуд, 45). Яъни, бу билан Нуҳ алайҳиссалом, эй Роббим, сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи зотсан, демоқчилар. Қисқаси, Нуҳ алайҳиссалом ўғилларига ачиниб, абадий азобга қолмаслигини истаб, охирги бор чақирдилар, аммо, ижобат бўлмади.
Хулоса шуки, агар бизнинг бирон яқинимиз маълум ёки номаълум сабаблар билан биздан юз ўгирса, ёки гуноҳи-маъсият ичра сузиб, осийликда бардавом бўлса, унга Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда силаи раҳм аталмиш муқаддас риштани узилиб кетишига йўл қўймаслигимиз лозим Зеро, ноумид шайтон, дейилганидек, насиҳату-дуоларимизда унга яхшиликни тиласак, шояд Роббимиз бизга ёрдамчи бўлиб, унга ҳидоят-тавфиқ инъом этса...
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳри "Шайх Эшон"жоме
масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022