ҲАНАФИЙ МАЗҲAБИДА “ТАКБИРИ ТАҲРИМА”

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга ки-рилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
Воил ибн Ҳужр розийаллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розийаллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки кўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: "Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш"дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига кўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир", деганлар. Бу ҳақда "Раддул Муҳтор", "Ал-Лубоб фий шарҳил китоб", "Фатавои Қозихон", "Шархул Виқоя", "Мажмаъул анхур" шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, намозга киришда қўлни қаергача кўтариш ҳақида мазҳаблар орасида бироз фарқлар бор. Албатта, агар барча ўз мазҳабига амал қилса, муаммо йўқ. Аммо минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиниб келаётган юртда туғилиб-ўсган кишилар, ота-боболарининг мазҳабига зид равишда, кўпчилик жамоатдан ажралиб намоз ўқишлари муаммо ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Тортишувга сабаб бўлган масалалари суннат ёки мустаҳаб даражасидаги кичик амал бўлса-да, тортишувларининг натижаси ҳаром бўлган амалга олиб келмоқда, яъни мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариш, уларнинг бир-бирларига адоват ва ёмон назар билан қарашларига сабаб бўлмоқда.
Натижада бир юртда яшаётган мусулмонлар бир-бирларига душман бўлмоқдалар. Бу ихтилофга сабаб бўлаётган ёшларимиз қилмишлари билан мақсадлари мусулмонлар ўртасида бир-бирларига душманлик, адоват ҳамда тафриқа чиқариш бўлган Ислом динига қарши чиқаётганларга ёрдамчи бўлиб қолаётганликларини англамаяптилар.
Шу нуқтаи назардан, юртимиз мусулмонлари намозни, жумладан, такбири таҳримани ҳанафий мазҳаби асосида амалга оширишлари мақсадга мувофиқдир.
"Такбири таҳрима"да қўллар елка баробаригача кўтарилишига ҳанафийларнинг жавоби. Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозга киришда қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадислар ривоят қилинган. Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулосага келганлар: "Совуқда Пайғамбаримиз соллаллаху алайҳи ва салламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар. Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар". Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади:
«Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳузурларига) борганимда икки қўлларини кулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса, улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар"» (Имом Таҳовий ривояти).
Машхур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:
"Демак, Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳунинг "(Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) кўлларини елкаларигача кўтарар эдилар" деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо "(Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) кўлларини қулоқларигача қўтардилар" деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир. Шундай экан, биз ҳанафийлар "такбири таҳрима"да қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларининг барчасига амал қиламиз. Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса, елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаб кўлларимизни қулоққача кўтарамиз" ("Шарҳи маонил-осор" китоби).
Маълумки, ҳозирги кунда кўллар кийим ичида бўлмаслигига сабаб, барча кийимларнинг енги борлигидир. Демак, ҳозирги пайтда намозга кирувчи киши кўлларини қулоғи баробаригача кўтаради.
Шу билан бирга, намозга киришда қўлнинг бош бармоғини қулоқ юмшоғига теккизишнинг бир ҳикмат шуки, орқада иқтидо қилгувчиларга намозга киришганлигини аъзолар билан билдиришдир. Айниқса, қулоғи оғир ёки умуман эшитмайдиган кишилар ҳам қўлни қулоқ баробарига кўтарилган пайтда намоз бошланганини биладилар. Қўлни елка баробарига кўтарганда эса, орқадагиларга намоз бошланганини кўз билан билиш қийин бўлади ёки кўринмайди. Шунинг учун ҳам уламоларимиз намозга киришда қўлнинг бош бармоғини қулоқ баробаригача кўтариш суннат ва уни қулоқ юмшоғига теккизиб қўйиш мустаҳаб амал деганлар.
Абдулбосит Лутпиллаев,
Наманган шаҳар “Боқи Мирзо” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022