ИСЛОМДА АЁЛНИНГ ЎРНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИ

Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий келиш арафасида дунёда икки катта давлат – Рум ва Эрон бир-бирлари билан рақобатлашар, бошқа халқ ва элатлар устидан ҳукмларини ўтказишар эди. Рум насроний давлат, Эрон эса оташпарастлар юрти эди. Бу давлатларнинг қонунчилиги бузуқ, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол эди, ички низолар оқибатида кучсизланиб қолган эдилар. Арабистон ярим ороли гоҳ у, гоҳ бу давлатнинг қўшинлари билан ҳарбий тўқнашувларга дуч келиб турарди. Шу вазиятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиши, Ислом динига даъватнинг бошланиши, диннинг шаклланиши VI-VII асрларда Арабистонда ижтимоий-сиёсий ҳаётни муолажа қилувчи бир дастур сифатида қарши олинди. Ҳаётнинг барча жабҳаларини қамровчи Ислом аёллар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам катта эътибор берди. Аёл энг муносиб ўрнини Исломдан топди. Исломда аёлнинг ҳақлари қуйидагича адо этилиши лозим:
Аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларга нисбатан хушмуомала, ширин сўз, мулойим муносабатда бўлиш, ноҳақлик ва қўполлик қилмаслик керак. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўминларнинг энг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз», деганлар. Ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ва болаларга дуч келганларида, салом берардилар, яъни салом билан муқобалада бўлгандилар.
Қуръони каримнинг: «Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнг (бу таъсир қилмаса,) уларни ётоқларида тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса,) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқа) йўл ахтармангизлар. Албатта, Аллоҳ жуда олий ва улуғ зотдир» («Нисо», 34) оятида айтилганидек, итоатсиз аёлни тарбия ва сўнгги чора сифатида қаттиқ оғритмасдан уришга изн берилган. Лекин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари аёлларини урмаганлар ва хотин кишини урганларга ҳам қарши турганлар. «Не бўлди эркакларга, хотинларини қул каби урадилар, ҳолбуки, айни кун сўнгги (тун)да латифлашадилар», деган ҳадис ҳам сўзимизнинг исботидир.
Шунингдек, аёлларга ҳам эрларига озор бермаслик амр этилган. Маоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан айтилганига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қайси бир аёл (мўмин) эрига озор берганда, у кишининг ҳур жуфти (бу аёлга): «Аллоҳ сенинг жонингни олсин, у кишига озор, азият берма. Чунки, шубҳасиз, у сенинг ёнингда меҳмон-мусофирдир, сендан айрилиб, тезда ёнимизга келади», дейди”.
Нуриддин Хамрақулов,
Учқўрғон туман “Шархончек” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022