АГАР МУТЪИМ ИБН АДИЙ ТИРИК БЎЛГАНИДА...

("Ислом - мўътадил дин" рукни остида)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари бўлмиш Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Тоифдаги, азияту-машаққатлардан иборат даъват асосига қурилган сафардан қайтганларидан сўнг, Маккага киришдан аввал, Хиро ғорига бордилар. Хузоъа қабиласидан бир кишини топиб, Қурайш зодагонларидан бўлган Мутъим ибн Адийнинг олдига, ҳимоясига олишни сўраб, жўнатдилар. Чунки уша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан Маккада мушриклар томонидан тазйиқ кучайган вақтлар эди. Мутъим ибн Адий ҳимояга олишга рози бўлди. Ўғиллари ва қавмини чақириб: "Аслаҳаларингизни олинг, Каъбанинг атрофида бўлинг. Муҳаммад келмоқда. Мен уни ўз ҳимоямга олдим", деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан биргаликда Каъбага кирдилар ва ибодатларни адо этдилар. Мутъим ибн Адий эса туясининг устида туриб: "Эй Қурайш жамоаси! Мен Муҳаммадни ўз ҳимоямга олдим! Сизлардан биронтангиз уни ҳақорат қилмасин!", деб нидо қилди. Муҳаммад алайҳиссалом Каъбани тавоф қилдилар, "Ҳажарул асвад"ни ўпдилар, "Мақоми Иброҳим"да икки ракат намоз ўқиб, ибодатларини тугатдилар ва Мутъим ибн Адий ва ўғиллари ҳимояси остида Маккадан чиқиб кетдилар. Мана шу мардлиги боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мутъим ибн Адийни Бадр ғазотида асирга тушганларга ишора қилиб: "Агар Мутъим ибн Адий тирик бўлганида ва келиб уларни қўйиб юборишимни сўраганида, албатта, қўйиб юборар эдим", деганлар.
Мақсадни баён қилиш учун, мавзуни очиб бериш учун, воқеани тўлиқ шаклда эмас, балки мухтасар бўлса-да баён қилган бўлдик. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги айтган сўзлари нимани англатмоқда? Нима учун иймонсиз ҳолида вафот этган кимсага илиқ фикрларни билдирмоқдалар? Биз уммат учун бундан қандай хулосалар бор? Биринчидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мутъим ибн Адийнинг мусулмонларга инсофу-самимият билан ёндошганига, унга нисбатан гўзал фикрларни билдирдилар. Иккинчидан, динимиз айрим кимсалар томонидан талқин қилинаётганидек, қандайдир террор ёки агрессиядан иборат эмас, балки адолат устига, мўътадиллик мезонига кўра барпо этилганига далилдир.
Яна бир мисол. Яҳудийларнинг энг катта пешвоси, роҳиби бўлган Зайд ибн Саънага нисбатан қилинган муомалани олайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўпол равишда ҳали муддати келмаган қарзини талаб қилди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эвазига унга қилич билан таҳдид қилдилар. Роҳиб бу таҳдиддан жуда ҳам қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса яҳудийга эмас, балки Умар розияллоҳу анҳуга танбеҳ бердилар. Қўрқитгани учун қарзга қўшимча равишда, 20 соъ хурмони жарима сифатида белгиладилар. Натижада Зайд ибн Саъна унга кўрсатилган самимият ва ўзи излаётган айрим ҳақиқатларга гувоҳ бўлгач, иймон келтирди, мусулмон бўлди. Ушбу воқеа ҳам, юқорида таъкидланганидек, динимизни мўътадиллик устига барпо этилганига яна битта далил ҳисобланади.
Аллоҳ таоло динимизни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлганларга тавфиқ берсин!
Манбалар асосида тайёрланди
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022