Қоронғи режим
Image
Logo

ОТА-ОНА РОЗИЛИГИ

ОТА-ОНА РОЗИЛИГИ

Маълумки, ота-оналар ўз фарзандларини чексиз меҳр-муҳаббат ва шафқат, куч-ғайрат ва маблағларини дариғ тутмай тарбия қилиб ўстирадилар. Бинобарин, ҳар бир фарзанд зиммасига ҳам ақлан, ҳам шаръан ўз ота-оналарига нисбатан беҳисоб бурч ва вазифалар юк­ланади. Ҳар қайси ота-она ўз фарзандига ақлини таниши билан катталарни, хусусан, ўзининг дунёга келишига ва улға­йишига, тарбия топиши ва илму одоб ўрганишига сабабчи бўлган ота-онаси ҳақини адо этишни тушун­тириб бориши керак.

Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади.  Жумладан, Анкабут сурасининг 8-оятида: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик…» (Анкабут, 8) дейилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қи­лиш­ни ҳар бир мусулмон кишига фарз қилган. Шу са­бабли уларга яхшилик қилиш ака-ука, ёрудўстларга ва ҳатто фарзандга яхшилик қилишдан ҳам устун туради.

Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзу феълларидан ҳеч малолланмасликка буюриб, қуйидагича хитоб қилади:

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қили­шингиз­ни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гў­даклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам улар­га раҳм қилгин!» (Исро, 23-24).

«Уларга ёқимли сўз» деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан ёш гўдаклардек авайлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (Имом Насафий ва Хозин тафсирлари).

Этибор беринг, Ҳақ таоло ота-оналар ҳақларига дуо ва истиғфор айтиб туришга буюриб, марҳамат қиляпти:

«Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қано­тини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 24).

Бошқа бир оятда эса: «Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўмин­ларни мағфират қилгин!» дейилади (Иброҳим, 41).

Фарзанд ҳар доим ота-онасининг сўзларига қулоқ солиши ва уларга итоат қилиши лозим. Аммо ота-она бирор гуноҳ ишга буюришса, уларга итоат қилинмай­ди. Масалан, ота ўз ўғлига дўконга бориб маст қилувчи ичимлик олиб келишни буюрса, бу  ҳолатда отага итоат этилмайди, балки қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик ва мулойимлик билан тушунтирилади.

Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида фарзандларни ота-оналарга яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Жумладан:

رِضَى الرَّبِّ فيِ رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فيِ سَخَطِهِمَا

«Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг рози­ликла­рига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг но­рози­лигига қараб бўлади», дейилади (Табароний ри­вояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамба­ри­миздан (алайҳиссалом) ривоят қиладилар: «Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай». Шунда саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?» Онҳазрат: «Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан да­риғ тутмагай», деб жавоб бердилар.

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линади: Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб ҳижрат қилиш учун Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига байъат беришга келганида, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда бир киши келиб жаноби Сар­вари оламдан сўради: «Ота-онам вафот этдилар. Энди уларга нима қилсам, зиммамдаги ҳақларини адо этган бў­ламан?» Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она вафот этгач, фарзандларнинг зимма­ларига вожиб ишлар, аввало, уларга  жаноза намози ўқиш, вақти-вақти билан дуою истиғфорлар айтиб туриш, қилиб кетган барча васиятларини ижро этиш, уларга яқин бўлган ёру дўст, қариндошларини иззату ҳурмат қилиш, ота-она тарафидан бўлган қавму қариндошларга силаи раҳм бажо келтириш, қабрларини зиёрат қилиб туриш, бировлардан қарз ёки омонат олган бўлишса, уларни эгаларига етказиш», деб жавоб қилган эканлар.

Ўтиб кетган ота-оналарнинг руҳлари шод бўладиган амалларнинг энг улуғи улар қолдириб кетган фар­занд­ларнинг солиҳ ва қобил бўлишларидир. Агар фарзанд ўзини ёмон йўллардан, гуноҳ ишлардан сақлаб, рушду ҳидоят, тоат-ибодатда юрадиган бўлса, бунинг савоби­дан ўзи ва зурриётларигина эмас, балки ўтиб кетган ота-оналар ҳам албатта баҳраманд бўлишади.

Исмоил Иброхимов,
    Наманган шаҳри “ Абдуллоҳ ибн Масуд ” жоме
 масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг