Қоронғи режим
Image
Logo
Аллоҳ йўлида қилинган эҳсоннинг мисоли

Аллоҳ йўлида қилинган эҳсоннинг мисоли

Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир (Бақара сураси, 261-оят).

  Ушбу оятдаги уруғдан мурод ҳалол бойликдир. У ҳалол жойга, яъни покиза ерга уруғ мисоли қадалса мўл ҳосил олинади.

Нубувват даврининг саодатли кунларидан бирида содир бўлган ажойиб бир воқеани Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилиб берганлар. Бир куни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирганларида тўсатдан сочлари қоп-қора, кийимлари оппоқ бир киши кириб келди. У Расулуллоҳ акромнинг олдиларига ўтириб: “Эй Аллоҳнинг Расули, иймон нима? Ислом нима? деб сўрай бошлади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Эҳсон нима?” деган саволга берган жавоблари шундай бўлди: “Эҳсон – Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир, гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, албатта, У сени кўриб турибди”.

Эҳсон сўзи араб тилида бир қанча маъноларни англатади. Масалан, “аъло даражада амалга оширмоқ”, “яхшилик қилмоқ” каби.

Аллоҳ таоло  Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

هَلْ جَزَاءُ الإِحْسَانِ إِلَّا الإِحْسَانُ

Яъни: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят).

Мазкур оятда биринчи зикр қилинган эҳсон (яъни яхшилик) бандадан бўлиб, у –  ибодатларни астойдил, жидду жаҳд билан бажаришдир. Кейинги зикр қилинган эҳсон Аллоҳдан бўлиб, у – Аллоҳ бандаларини жаннатга киритиши билан бўлади.

Бундан аён бўлмоқдаки, ҳар бир қилаётган ишларимизни аъло даражада бажармоғимиз, ўзаро бир-биримизга саховат кўрсатиб, яхшилик қилмоғимиз, неьматларни исроф қилмаслигимиз эҳсон бўлар экан.

Бир олимга шогирдларидан бири: “Устоз, мен эҳсон мақомига етдим. Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиляпман”, дебди. Устози ундан: “Оиланг, қўни-қўшнинг ва яқинларинг билан қандай муносабатдасан?” деб сўрабди. Шогирд устозига: “Расулуллоҳ алайҳиссалом эҳсонни ибодатларда демаганмидилар?” дебди. Шунда устоз: “Аллоҳ таоло буюрган нарсаларни бажариб, қайтарганларидан қайтишинг ибодат эмасми?” деб саволига савол билан жавоб берибди устози.

Кўпчилигимиз ибодат деганда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва шуларга ўхшаш маълум нарсаларни деб тушуниб қолганмиз. Ҳолбуки, ибодат бу – Аллоҳга қуллик қилиш демакдир. Намоз ўқиш, Қурьон тиловат қилиш вақтидагина Аллоҳга қул бўлиб, қолган вақтда қулликдан чиқиб қоламизми? Йўқ, ундай эмас. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида марҳамат қилиб: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (10-оят), деган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги бир фарздир”, дедилар” (Байҳақий ривояти).

Қилаётган ҳар бир ишимиз, у қандай бўлишидан қатьи назар, чин ихлос, покиза қалб ила Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилиб бажарсак, Аллоҳга ҳақиқий эҳсон (ибодат) қилган бўламиз. Шунда қилган барча ишларимизда барака бўлади. Чунки Аллоҳнинг баракаси покиза, соф қалбларгагина ёғилади.

Келинг, дўстлар, барчамиздан ғолиб бўлган Зотдан қалбларимизни мусаффо қилишини сўрайлик. Аллоҳ барчамизни эхсон ва инфоқ қиладиган бандалардан қилсин доимо берувчи қўллардан айласин!

Абдулвоҳид ҚОБИЛХОН ўғли,

 Наманган шаҳридаги Мирёқуббой-Мирҳакимбой жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг