Қоронғи режим
Image
Logo
ОТА – ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА УНДОВЧИ АМАЛЛАР

ОТА – ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА УНДОВЧИ АМАЛЛАР

Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ азза ва жалланинг улуғ неъматидир. Аллоҳ уни истаган бандасига беради. Қуйида ота-онага яхшилик қилишга ундовчи бир қанча омилларни санаб ўтамиз:

  1. Аллоҳ таолодан ота-онаси билан яхши муомала қилишни дуо қилиб сўраш, У Зотга ибодат қилиш, шариат кўрсатмаларига риоя этиш. Шояд шунда Аллоҳ бандасини ота-онасига меҳрибон ва яхшилик қилувчилар қаторида қилса.
  2. Ота-онага яхшилик қилиш фазилатларини эслаш ва уларга оқ бўлиш оқибатларини ёддан чиқармаслик. Фарзанд ота-онасига оқ бўлаётган кимсалар ҳолига ибрат назари билан боқсин, ғам-андуҳ ва мусибатга йўлиқиб, боши ташвишдан чиқмаётгани, ҳасрат-надомат остида қолиб кетаётганларини бир мулоҳаза қилиб кўрсин. Агар ота-онасига ноқобил фарзанд бўлса, ўзининг қисмати ҳам шундай якунланишини кўз олдига келтирсин!
  3. Ота-она фарзандига қилган яхшиликларни эслаш. Айнан улар сенинг вужудга келишингга сабабчи бўлдилар, сен улар туфайли ҳаётда яшаяпсан. Ота-онангнинг яхшиликлари ва меҳри сенга беқиёсдир. Буни ҳеч бир мезон билан ўлчаш мумкин эмас. То вояга етгунингча ота-онанг не машаққатлар чекиб, сенинг роҳат-фароғатинг йўлида ташвиш чекканларини унутма, эй фарзанд! Мана шуларни доим хотирангда сақла!
  4. Нафс жиловини қўлга олиб, уни ота-онага яхшилик қилиш руҳида тарбиялаш, ўзини ота-онаси хизматига шайлаш, бу йўлда жидду жаҳд кўрсатиш. Агар ишлар маромида бажарилса, ота-онага яхшилик қилиш инсон табиатига сингиб кетади.
  5. Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога тақво қилиш. Айнан тақво сифати ота-онанинг ҳақини унутмаслик, поймол этмасликка ундайди.
  6. Оталарнинг салоҳиятли бўлиши. Айнан оталарнинг солиҳ бўлиши фарзандларнинг уларга меҳрибон ва раҳмдилликларига, яхшилик қилишларига асосий сабаблардандир.
  7. Ота-онага яхшилик қилишга ундаш, панд-насиҳат қилиш. Бу иш яхши инсонлар нинг далдаси, солиҳлар фазилатлари, оқпадар бўлганлар қисматидан ибрат ва сабоқ олиш билан бўлади.
  8. Фарзандларга яхшилик қилишда ёрдам бериш. Ота-оналарнинг ўзлари болаларини бу ишга чорлаб, уларнинг руҳини кўтариши, қилган яхшиликлари эвазига уларга раҳмат айтиб, дуогўй бўлишлари керак. Бу нарса фарзандларни янада руҳлантириб, ота-оналарига бундан-да кўпроқ яхшилик қилишларини таъминлайди. Баъзи одамлар бола-чақаси ва шириндан-шакар набираларидан бир дақиқа ҳам айро яшай олмайди, ҳатто ёши юзни қоралаб қолган бўлса-да, фарзандлари унга яхши қарайди, оқ ювиб, оқ тарашади, хизматларида бир-бири билан мусобақалашишади. Ҳатто бу ишдан ҳузур-ҳаловат топишади. Бунинг сири нимада бўлиши мумкин? Жавоб оддий, ота-она фарзандларини шу ишга жалб этган, уларни жуда яхши кўрган, яхшиликлари эвазига уларга чиройли мақтов ва шукрлар айтади, дилларига олам-олам қувонч бағишлайди, фарзандларини чиройли исмлар билан чақиради. Мана шундай дуогўй ва тилидан бол томувчи ота-онага ҳар қандай фарзанд ҳам елиб-югуриб яхши хизмат қилади.
  9. Фарзанд ўзини ота-онасининг ўрнига қўйиб кўрсин. Эй фарзанд, қариганингда, сочингга оқ тушиб, оёқ-қўлингдан мадор кетганида фарзандларинг қандай муомала қилишини хоҳлайсан? Ҳозир ота-онангга қилаётган муомаланг ўзингни қониқтирадими? Шу саволни ўзингга бергин-да, ота-онангга қилаётган муомалангни ислоҳ қил, ўзингни ўнгла, хатоларингни тузат. Сабаби, кун келиб сен ҳам қарийсан. Ёшлигинг абадий давом этмайди, ахир.
  10. Ота-онасига яхшилик қилган фарзандлар ҳақидаги ибратли ривоят ва ҳикояларни ўқиш унинг ҳимматини ошириб, меҳрибонларига нисбатан муносабати ижобий тарафга ўзгаришига сабаб бўлади. Шунингдек, ота-онасига кўрнамаклик қилиб, уларнинг дуоибадларига “сазовор” бўлган ноқобил фарзанд қисмати ҳақидаги хабарлар ўқилса, ота-она ҳақи поймол этилишининиг ёмон оқибатларидан огоҳ бўлинади.

  

 

Абдулвосеъ Муродшоев,
Янгиқўрғон тумани “Қаюм ота” жоме
 масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг