
ФАРЗАНД НЕЪМАТИНИ ШУКРИ
Аллоҳ таоло биз инсонларга жуда кўп беҳисоб неъматларини берган. Ана шундай неъматлардан бири инсонни жуфт-жуфт қилиб яратилингани бўлса, яна бири фарзанд неъмати экан. Бу неъматларни зикр қилиб Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди…» (Наҳл, 72).
Болалар бизнинг келажагимиз, кўзимизнинг нури, қалбимиз сурури. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам болаларимиз бахтли бўлишлари учун ҳамма нарсамизни беришга тайёрмиз. Айниқса, 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида уларга кўрсатаётган меҳру муҳаббатимиз янада ошади.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ва шаҳарларида ушбу кунда болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўқилади, тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, байрамга бағишланиб турли қувноқ ва маданий-оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилади. Шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.
Болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлаш орқали кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятига, бахтли болаликка эга бўлишлари ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига эришишга қаратилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди».
(Термизий ривояти).
Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида отаона фарзанди ҳаққига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, отаонанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажобдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси», деганлар.
(Термизий ривояти).
Биз ота-оналарнинг гарданимизда ана шундай масъулиятли ҳамда шарафли васифа ётибди. Агар биз ушбу вазифани аъло даражада бажарсак Аллоҳ таоло бизга берган фарзанд неъматини шукрини адо қилган бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизга мўмин ва мўмина фарзандлар насиб этсин.
Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022