Қоронғи режим
Image
Logo
“ТАКФИР”  ТУШУНЧАСИ

“ТАКФИР” ТУШУНЧАСИ

“Такфир” тушунчаси  “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, бу ишдан қайтарилгандир! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً

яъни: Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”
(Нисо сураси 94-оят).Этибор қилсак Аллоҳ таоло бу  ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб гувоҳлтк берган кишини кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадиси шарифга эътибор қаратсак мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир (Нисо сураси 93-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозимдир.

Манбалар асосидатайёрланди
Шукруллоҳ Тухтабоев,
Наманган тумани “Ал Масжидун Набавий” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг