Қоронғи режим
Image
Logo

26 ИЮНЬ – ХАЛҚАРО ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

26 ИЮНЬ – ХАЛҚАРО ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

Гиёҳвандлик бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандлик юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Инсоният келажаги учун, миллатлар истиқболи учун, кишилар саломатлиги ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар. Кундан-кунга кўплаб кишилар, ёшлар, аёллар ва болалар гиёҳвандликнинг ҳалокат тўрига илинишмоқда. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилаларга, иқтисодга, одоб-ахлоққа, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда.

Ушбу кураш ўта аҳамиятли бўлганидан мусулмонлар унинг биринчи сафида бўлмоқлари зарур. Чунки бу иш улар учун виждон амри, дину диёнат амри, Аллоҳнинг амри ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларидир.

Мусулмон уламолар фикрича, гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл Ислом услубидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз суннатларида баён қилиб берган йўлдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун башариятга элчи қилиб юборилишининг қатор сабабларидан бири тоза-пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок-зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

 “... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф сураси, 157- оят).

Инсон учун нопок ва зарарли нарсалардан бири маст қилувчи моддалардир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  

“Ҳар бир маст қилувчи нарса – хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи – ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан одам ўз жонига қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир.

Ҳозирда айрим ўқувчи ёшлар орасида гиёҳванд моддалардан ташқари “Трамадол”, “Лирика”, “Регапен”, “Селофен”, “Тропикамид” каби психотроп дори воситалари истеъмолига ўрганиш ҳолатлари учрамоқда.

Бу дори воситаларида ҳам маст қилиш ва ўргатиб қўйиш хусусияти бор. Кўча-куйда бундай дориларни истеъмол қилаётганларни кўриб кўрмасликка олиш, менинг фарзандим бу дориларни истеъмол қилмайди, деб хотиржамликка берилиш асло тўғри эмас.

Чунки гиёҳвандлик балоси кенг тарқалса, ҳеч ким фарзандидан хотиржам бўла олмайди. Бу иллатларга амру маъруф наҳий-мункар ёрдамида қарши турайлик, лоқайд бўлмайлик.

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд”

жоме масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг