Қоронғи режим
Image
Logo

Алишер Навоий асарларида Қуръон оятлари

Алишер Навоий асарларида  Қуръон оятлари

Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.

У зот  қуръон ва тафсир илмлари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бизгача етиб келган маълумотларда ўз аксини топган.

Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган. 

Алишер Навоий кейинчалик Қуръон билан боғлиқ мавзуларни ўз асарларида эркин ифодалай олади. Жумладан, “Насоим aл-муҳаббат”нинг хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган мақоласида зикр ҳақида сўз борганда “Нур” сурасининг қуйидаги 37-оятини тафсир қилганини кўришимиз мумкин:

“Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳ зикридан чалғита олмас” – ояти далил қилиб берилган.

Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади.

Масалан, шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,

Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,

Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.

Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти:

“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий даврида  мамлакатда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг юксалишига олиб келди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти бош имом ўринбосари 
Обидхон Икрамов.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг