Қоронғи режим
Image
Logo
АЛЛОҲ УНГА ЎНТА САЛАВОТ АЙТАДИ...

АЛЛОҲ УНГА ЎНТА САЛАВОТ АЙТАДИ...

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг"( Аҳзоб, 56). Ушбу ояти каримага мувофиқ биз умматлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш вожиб бўлди.

Салавотда бизлар учун кўплаб манфаатлар бор. Шулардан бирини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда кўришимиз мумкин. Муҳтарам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:"Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади" (Имом Муслим ривояти). Яъни, Аллоҳнинг бандасига салавот айтиши бу - уша инсонга Ҳақ таолонинг раҳмати, мағфирати ва баракаси ёғилишидир.

Салавотнинг ҳикмати ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, замонамиз уламоларидан Шайх Муҳаммад Ҳасан Ад-Диду ҳафизаҳуллоҳнинг ажойиб мулоҳазаларини келтириб ўтишимиз мақсадга мувофиқдир. У киши айтади: "Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш бу - инсон ўзининг отасига эҳтиром кўрсатишининг юксак намунасидир. Зеро, ҳадиси шарифда келишича, ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтса, у кишининг ҳузурларига фаришта келиб: "Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Фалончининг ўғли фалончи сиз учун саловот айтди", дер экан. Шу йўсинда инсон ўзи билмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида отасининг номи зикр қилинишига сабабчи бўлиб қолар экан. Бу эса отага кўрсатилган эҳтиромнинг энг гўзалидир".

Хулоса шуки, биз томонимиздан айтилган биргина салавот юқорида зикр қилинганидек, бир қанча яхшиликларга сабаб бўлар экан. Демак, ҳар-биримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат изҳори ўлароқ улуғларимиздан ибрат олган ҳолда мазкур дуони айтишни одат қилиб олайлик. Улар кунлик Қуръон тиловати, зикру-тасбиҳ қаторида салавотни маълум бир саноқ қилиб айтишни вазифа қилиб олганлар. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ушбу хайриятга муваффақ қилсин!

 

Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани “Муҳаммаджон қори”жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг