Қоронғи режим
Image
Logo

БИР ҲАДИС ШАРҲИ

БИР ҲАДИС ШАРҲИ

("Ислом - мўътадил дин" рукни остида)

Ҳанзала ал-Усадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, (у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди): «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қандайсан, эй Ҳанзала?!» деди. «Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим. «Субҳаналлоҳ! Нима демоқдасан?!» деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. У зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда эса жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. «Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз!» деди Абу Бакр. Мен Абу Бакр билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зотнинг олдиларига кириб:«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим. «Нима учун?» дедилар.«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу дунё аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда ва зикрда бардавом бўлсангиз, албатта, тўшакларингизда ва йўлларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай», деб уч марта айтдилар» (Муслим ривояти).

Шарҳ. Биринчи фойда. Мусулмон одам учун энг зарурий ишлардан бири бу ~ иймоний ва нафсий сарҳисобдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» (Ҳашр, 18). Яъни, бу оятдаги "эрталик" дегани қиёмат кунидир. Аслида, биз учун гўёки узоқ туюлган қиёмат жуда ҳам яқин. Ўтган кунларимизни эсласак, вақтлар қанчалар тез ўтиб кетгани ва кетааётганини ҳис қиламиз. Кеча орамизда бўлиб, бугунги кунда боқий дунёга кетганларнинг аксариси ҳам биз каби ўйлаган. Ҳозирда эса улар учун деярли қиёмат бошланиб бўлган. Барзах оламида оладиганини олиб, ё роҳатда, ё азобда ётишибди. Шунинг учун ҳам, юқоридаги оят ва ҳадисдан хулоса ўлароқ ҳали тирик эканмиз, ўзимизни ўзимиз ҳисоб-китоб қилиб юрайлик. Саҳобалар ва салафи солиҳларнинг ўзини ислоҳ қилишга бўлган ҳарислиги бежиз эмас. Мазкур ҳадис эса ушбуларни бизни тасаввуримизга келтирмоқда.Асвад ибн Ҳилол Муҳорибий айтади: Менга Муоз ибн Жабал айтарди: "Кел биз билан ўтир, бир муддат Аллоҳни зикр қилайлик". Зирр ибн Ҳубайш айтади: Умар розияллоҳу анҳунинг одатлари бир ёки икки саҳобанинг қўлларини ушлаб, шундай дер эди: "Биз билан юринглар, иймонимизга сайқал берамиз". Ибн Собитнинг сўзи: "Абдуллоҳ ибн Рабоҳа бир нечта саҳобаларнинг қўлларидан тутиб: "Келинглар, бир иймонлашамиз. Келинглар, Аллоҳни ёд этайлик, иймонимизни зиёда этайлик. Келинглар Аллоҳ таолони тоату-ибодат билан зикр этамиз, шояд бизни мағфирати бирла ёд этса", деган".

Иккинчи фойда. Ҳар-бир мусулмон одам зикр мажлисига ҳарис бўлиши керак. Зикр мажлиси деганда фақат бу "Субҳаналлоҳ", "Алҳамдулиллаҳ", "Аллоҳу акбар" деб тасбиҳ ўтириб ўгиришгина эмас, балки илмий суҳбатларга, инсонни дунё ва охиратининг ислоҳи учун зарур бўлган суҳбатларга интилишидир. Айниқса, Аллоҳни эслатадиган, инсон ҳаётини шаръий мезонга солиш учун хизмат қиладиган мажлисга ҳозир бўлиш, жаннат боғларидан бир боғчада ўтиришга қиёслайди уламолар. Чунки мазкур мажлис сабабидан яхшилик ва ажрлар ҳосил бўлади. Ундан инсон гуноҳи кечирилган ҳолда туради. Дуоси ижобат бўлади. Илмий суҳбат бўлиб турган жойни фаришталар қуршаб олади. Аллоҳнинг раҳмати, сакинати нозил бўлади. Шу мажлисга ҳозир бўлган инсонларни Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги муқарраб фаришталарни олдида зикр қилади. Энди ўйлаб кўрайлик, бундан ортиқ фазл борми? Билъакс, мана шундай илм мажлисларидан, Аллоҳни эслатадиган ваъзлардан қочиш ёки қўполроқ қилиб айтганда ҳазар қилиш, шахсиятга боғлаб нафратланиш бу мусулмон учун ўта хатарли ишдир. Шуни гапини эшитаманми, деган маънода. Ваҳоланки, Алий розияллоҳу анҳу: "Сўзлаётган кимсага қарама, балки у айтаётган гапга эътибор қил", деган.

Учинчи фойда. Ҳадиси шариф мусулмон одам учун динида мушкулот туғилиб қолса, илм аҳлига мурожаат қилиши лозим эканини очиб беради. Демак, кимда дини борасида ўзини қийнаб турган саволи бўладими, бошқасими, дарҳол бориб, аҳли илмлардан ечимини сўраб олиши лозим бўлади. Ортга сурмаслик керак. Чунки кўнгил ғаш бўлиб, хато қилиб юргандан кўра сўраб билиб олган афзал. Қолаверса, бу нарса қиёматдаги масъулиятдан қутилтирмайди. Сўрашга имкон бўла туриб, ибодатни нуқсон билан қилиб юриш яхши эмас. Албатта, бунинг ўзига яраша жавобгарлиги бор.

Хулоса ўрнида, ҳадиси шарифдаги сўнгги нуктага эътиборни қаратмоқчиман. Воқеадаги қаҳрамонлар кимлар? Албатта, Ҳанзала ва Абу Бакр розияллоҳу анҳумолардир. Ҳанзала розияллоҳу анҳу ўзи ким? Ҳанзала – вафот этганида уни фаришталар ғусл қилдирган ягона саҳобий эди. Ҳа, улар ўзларида нифоқ бўлишидан шу даражада қаттиқ қўрқишган. Аммо бизчи?! Бугун бизнинг орамизда мунофиқ ва кофир сўзлари ҳудди бир енгил лақабдек ишлатилмоқда. Одамлар қўрқмасдан бир бирларини куфр ва нифоқда айбламоқда. Ваҳоланки, Жаннат башорати берилган Абу Бакр ўз ҳолларидан ҳавотир олаётган пайтларида, биз пайғамбарлардан кейин инсоният ичида энг афзал одам Абу Бакрнинг олдиларида киммиз?! Мана шу каби саволларни ҳар-биримиз ўзимизга бериб, нафсимизни ислоҳ қилиш пайида бўлишимиз керак.

Манбалар асосида тайёрланди
Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг