Қоронғи режим
Image
Logo

БАХТ ИНСОНЛАРНИНГ ҲОЖАТИНИ ҚОНДИРИШДАДИР

БАХТ ИНСОНЛАРНИНГ ҲОЖАТИНИ ҚОНДИРИШДАДИР

Агар инсонларнинг сизга эҳтиёжи борлигини кўрсангиз мана шу масъулиятга муносиб кўргани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтинг. Қолаверса, яна бир бор инсонларнинг ҳожатини қондиришга тавфиқ бергани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтинг. Зеро, мусулмон биродарингизни эҳтиёжини қондириш йўлида юришингиз масжидларда эътикоф ўтиришингиздан яхшидир. Мусулмон биродарингиз ҳожатига киришган ёки бирор ҳизматини амалга оширишга ёрдам берган вақтингизда унинг қалбига ҳурсандчилик киргизишдан кўра гўзал бахт борми?

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, қандай инсонлар Аллоҳ таолога суюкли?" деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Инсонларнинг Аллоҳ таолога суюклиси инсонларга энг манфаатлисидир. Амалларнинг Аллоҳ таолога суюклиси мусулмонга хурсандчилик киритиш, қийинчилигини енгил қилиш, қарзини унинг номидан тўлаб бериши, очлигини бартараф этишдир. Биродарим билан бирга юришим мен учун ушбу масжид (яъни Мадинадаги масжид) да бир ой эътикофда ўтиришдан суюклидир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло унинг авратини тўсиб қўяди. Ким ғазабини жорий қилишга қодир бўла туриб уни тийса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг қалбини розиликка тўлдиради. Ким биродари билан унинг ҳожатини бажаргунга қадар бирга юрса, Аллоҳ таоло оёқлар тойиладиган кунда унинг оёқларина мустаҳкам қилиб қўяди", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди:" Шундай қавмлар борки, улар малолланмаган ҳолда мусулмонларнинг ҳожатларини бажаришда бардавом бўлсалар, Аллоҳ таоло уларга неъматларни бериб қўяди. Агар улар малоллансалар, у неъматларни бошқаларга бериб қўяди ".

Аллоҳ учун биродар бўлишнинг аломатлари бу биродарингизга фойда келтиришни яхши кўриш ва унинг фойда топишидан гўё ўзингиз фойда топгандек ҳурсанд бўлишингиздир. Агар мана шундай фойда рўёбга чиқиши йўлида ҳаракат қилсангиз Аллоҳ таолога энг яхши ва савоби улуғ ибодат билан яқинлашган бўласиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидида эътикоф ўтирган эдилар. Бир киши келди ва салом берди, сўнг ўтирди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: "Эй фалончи, нима учун сени хафа ва ноумид ҳолда кўриб турибман?", дедилар. У киши:" Ҳа, эй Расулуллоҳ амакисининг ўғли!  Фалончи учун менинг зиммамда ҳақ бор. Ушбу қабр соҳиби ҳаққи ҳурмати бунга қодир эмасман! " деди.

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: "У билан сен ҳақингда гаплашиб кўрайми?"  дедилар. У киши: "Яхши бўлар эди", деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оёқ кийимларини кийди ва масжиддан чиқди. У киши:" Ҳозир қандай амалда турганингизни унитиб қўйдингизми? "деди. У зот:" Йўқ, лекин ушбу қабр соҳибидан эшитганман,(У зот вафот этганларига узоқ бўлмаган эди, кўзлари ёшланди) У зот айтар эдилар: "Ким биродарининг ҳожатини бажариш йўлида юрса ва унга эргашса, бу иш у учун ўн йил эътикоф ўтиришдан яхшидир. Ким Аллоҳ таоло розилиги учун бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло у ва дўзах ўртасида учта хандақни қўйиб қўяди. Ҳар бир хандақ ўртасидаги масофа машриқ ва мағриб ўртасидаги масофадан узоқдир".

    Фазилатли Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:  " Бу ҳадис ислом дини гўзал биродарлик алоқаларини қанчалар қадрлагани ва инсонларга хизмат қилишни қанчалар юқори мартабага қўйганини билдиради.

Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар "Ғойибберди махдум" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг