
БЕМОРЛИК ҲАМ СИНОВДИР!
Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).
2020 йилда дунёни қамраб олган COVID-19 Коронавирус пандемияси тинч ва осуда ҳаётга одатланган мамлакатлар аҳолиси учун жиддий синов бўляпти. Коронавирус юқумли касаллиги шиддат билан тарқалаётган пайтда ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўриши лозим. Шариатимиз кўрсатмасига кўра вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.
Айни пайтда соғлиқни сақлаш мутахассислари фуқароларимиздан карантин қоидаларига, амал қилишликка,
имкон қадар жамоат жойларида тўпланмаслик, шахсий гигиена қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрашмоқда. Ушбу кўрсатмаларга амал қилиш ҳар биримиз учун жуда муҳимдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом касаллик тарқаган вазиятда сабабларни ушлаш, киши саломатлиги учун зарур чораларни кўриш лозимлигини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:
“Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Динимизда ҳам касаллик тарқалиш хавфи бўлганда ҳар ким уйида ўтириши, дуо-тазарруни уйида, оиласи билан қилиши, кўчага заруратсиз чиқмаслиги тавсия этилади. Албатта, барча нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирган ҳолда, ишларни Аллоҳга топширилади, сабабларни ушланади. Ҳадиси шарифларда ҳам юқимли кесаллик урчиган пайтларда уйдан чиқмасликка чақирилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"Ким тоъун (пандемия) тарқалганда уйида сабр қилиб, савоб умидида ўтирса, ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади" (Имом Аҳмад ривоятлари).
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вабо ҳақида шундай деганлар: “Вабодан қочган киши ҳудди уришдан қочган киши кабидир. Ким вабо пайтида сабр қилса унга шаҳиднинг ажри бўлади” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: "Ҳадиснинг мазмуни шуни тақозо қиладики, ким мазкур сифатлар билан тавсифланса, гарчи вабодан вафот этмаса ҳам, унга шаҳиднинг ажри ҳосил бўлади" (“Фатҳул Борий” китоби).
Демак, касаллик тарқаган шу кунларда Аллоҳ таолога суянган ҳолда, ундан савоб умид қилиб, сабр қилиб уйда ўтирган, ваҳима қўзғамаган, касалликнинг тарқамаслигига ўз ҳиссасини қўшганларга Аллоҳ таоло катта манфаатлар хазинаси очар экан.
Касаллик бу – синовдир. У шундай синовки, у нафақат кишиларни, балки бутун халқни синайди. Мана шундай кунларда ҳар биримиз сабр-матонатли бўлмоғимиз, вақтларимизни иложи борича фойдали ишларга сарфлашимиз даркор.
Айниқса, бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Набий алайҳиссаломнинг мусибатли ва оғир кунларда қандай йўл тутишлари ҳақида Хузайфа разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
“Бирор қайғули иш бўлса одатда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (нафл) намоз ўқир эдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, муҳтожларга ҳожатманднинг ҳожатини чиқариш, қарздорнинг қарзидан қутулишига ёрдам бериш, етимлар ҳолидан хабар олиш ҳам ҳар бир инсоннинг, ҳар бир мусулмоннинг муҳим вазифасидир.
Банда зикр ва истиғфорни кўп айтиши унинг турли бало қазолардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида шундай марҳамат қилган:
“Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас”.
Бугунги кунда гуноҳларимизга сидқидилдан тавба қилсак, фақир-муҳтожларга садақа улашсак, Қуръони каримни хатм қилиб Аллоҳга ёлборсак, иншааллоҳ бу бало бошимиздан арийди.
Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ бериб, юртимизга келган бу синовларни аритсин, барча беморларга Ўзи шифо берсин
Жобирхон Ҳалимхон ўғли,
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Ахмад” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022