Қоронғи режим
Image
Logo
БУ ДУНЁ МУҲАББАТИ

БУ ДУНЁ МУҲАББАТИ

Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу дунёга берилиб, унга муҳаббат қўйиб охиратни унутиш оғир дард бўлиб унинг оқибати дўзах билан ниҳояланади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Карим «Ҳадид» сурасида: «Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас», деган (20 – оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат», деб таърифламоқда.

«Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан»,
Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.

Бу дунё ҳаёти яна,  «ўзаро фахрланишдан,  мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир».

Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишган, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.

Аслида эса, бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради.

«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир.

Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса, бу ҳол ўткинчидир.
«Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир».

Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.

Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак.

«Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».

Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.

«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас».
Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир..

 

Уйчи тумани “Қамбарбойвачча” жоме
масжиди имом ноиби
Абдумалик Казакбаев
манбаалар асосида тайёрлади

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг