Қоронғи режим
Image
Logo

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

 Бизнинг динимиз – Ислом динида диний бағрикенглик гўзал, чиройли ва бетакрор тарзда йўлга қўйилган. Мусулмонларниг бошқа дин вакиллари билан бўладиган муносабатлари Ислом дини таълимотлари асоси бўлмиш Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим ҳамда Аллоҳнинг расули Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадис, суннат ва сийратларида ўз аксини топгандир.

 Жумладан, Ислом самовий динларнинг асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан эканлигини эълон қилди. Бу ҳақда Шўро сурасининг 13-оятида айтилади:

 “(Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!” (Эй Муҳаммад!) Мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар”.

 Демак, Аллоҳ таоло оятда зикр қилинган набийлар ва пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дин юбориб, уларга: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!” деган бир хил фармон берган.

 Мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан муносабатларининг ўзига яраша қонун-қоида ва тамойиллари бор бўлиб, улар Қуръони карим ва ҳадисларда зикр қилингандир. Мана шу тамойилларга кўра муносбатлар ўрнатиладиган бўлса, мана шу мақсадга мувофиқдир. Улардан баъзиларини келтирадиган бўлсак, улар қуйидагилардир:

Мусулмонлар Набийларнинг барчасига ва уларга нозил қилинган китобларга бирдек иймон келтирмоғи ҳамда улардан бирортасини четга чиқариб қўймаслиги лозимдир.

Мусулмон киши бошқа дин вакилларига ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши лозим.

Агар қўшниси ўзга дин вакили бўлса, унга яхшилик қилиши, таомидан чиқариб туриши, зиёфатларга чақириши, оилавий алоқалар ўрнатиши яхшидир.

Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ ёмонлик қилмайди, ораларини яқинлаштиради.

Мусулмон киши бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадя бериб, улардан ҳадя олиши мумкин.

Агар ғайридинларнинг тобути ўтиб қолса, мусулмон ўтирган бўлса, ўрнидан туриб қўйишлиги яхшидир.

Бу тамойиллар юқорида таъкидлаганимиздек, Ислом дини таълимотлари асоси бўлмиш Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим ҳамда Аллоҳнинг расули пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадис, суннат ва сийратларида келган. Баъзиларига рухсат берилган, баъзилари мустаҳаб-суннат ва баъзиларига буюрилгандир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа дин вакиллари билан шахсан ўзлари яхши алоқада, гўзал муомалада бўлганлар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилганлар, улар ҳадя қилган кийимларни эса кийиб юрганлар. У зот Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига тушириб: “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни ҳуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.

Энди мана шу ерда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак. Бутун оламларнинг сарвари, бутун оламнинг яратилишлигига сабабчи бўлган зот, пайғамбарларнинг сўнггиси, оламларга раҳмат бўлган зот ўзга диндагиларни, яъни мусулмон бўлмаган инсонларни жуда эҳтиром қилган эканлар, уларни Аллоҳнинг байти, мусулмонларнинг ибодат қиладиган маскани бўлмиш масжидга тушириб, уларга ўзлари хизмат қилган эканлар. Лекин ҳозирги кунга келиб баъзи бир ўзини мусулмонман деб атайдиганлар ғайридинлар у ёқда турсин, ўзининг диндоши бўлмиш мусулмонларни икром қиляптимикан? Уларни ҳурматини жойига қўйяптимикан? Ёки юзкўрмас бўлиб кетмаяптимикан?! Аллох таоло барчамизни тоғри йўлидан адаштирмасин.

Нуриддин Хамрақулов,
Учқўрғон туман “Шархончек” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг